Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Инсон ўлимига сабаб бўлган жиноят маҳаллада муҳокама қилинди
2022-08-23 19:46:04 377
17 август куни Бағдод туманининг “Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида икки оила вакилларининг ўзаро келишмовчилиги бир инсоннинг ўлими ва яна бирининг тан жароҳати олишига сабаб бўлди. Ушбу мудҳиш жиноят ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўп сўз юритилди. Бугун туман сектор раҳбарлари, маҳалла жамоатчилиги ва фаоллари билан ўтказилган муҳокама йиғилишида эса жиноятнинг асосий омиллари, айрим масъуллар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди. Унда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев иштирок этди.
Биламизки, жиноят юз берган маҳаллада барака бўлмайди, ўсиш-ривожланиш орқага кетади. Мамлакатимизда маҳалла институти фаолияти йилдан-йилга такомиллаштириляпти. Раис – маҳалланинг виждони бўлиши керак, деяптилар давлат раҳбари. Хўш, Мирзаободда-чи? Фуқароларнинг тинчлиги, осойишта ҳаёти учун маҳалла жамоатчилиги нега бефарқ? Хонадонлар тўлиқ ўрганилмаган, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар, жанжалкашлар, ажрим ёқасидаги оилалар, сурункали ичувчилар ёки гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчилар ҳақида маҳалла фаолларида бирор бир тайинли маълумот йўқ. Ана шундай боқибеғамлик, эътиборсизлик оқибатида бир оила боқувчисидан, 3 нафар бола отасидан айрилди...
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида Мирзаободда 2 та жиноят содир этилган: биттаси ўғирлик (Жиноят кодексининг 169-моддаси), яна бири автотранспорт билан боғлиқ (Жиноят кодексининг 266-моддаси). Бундан ташқари, ҳудуд профилактика инспектори томонидан 129 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. 7 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Юқоридаги рақамларнинг ўзиёқ мазкур маҳаллада криминоген вазият хавотирли эканини тасдиқлаб турибди. Бинобарин, “Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳозирда “сариқ” тоифали ҳудуд саналади.
Муҳокама йиғилишида, маҳалла фаоллари ҳамда профилактика инспекторининг фаолияти танқидий баҳоланди ҳамда келгусида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш-профилактика тадбирларини мунтазам олиб бориш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигига раҳна солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга қарши муросасиз бўлиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлиги алоҳида урғуланди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.