Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодда 3,8 млрд. сўмлик ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди
2022-08-26 18:34:33 350
Бугун Бағдод туманида санитар-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида турган тумандошларимиз учун бу чинакам туҳфа бўлди.
- Узоқ йиллар давомида эски, кўримсиз ва оддийгина санитария талабларига тўлиқ жавоб бера олмайдиган бинода фаолият юритдик, - дейди бўлим бош врачи Шоҳруҳ Эркинжонов. – Бу ҳол, айниқса, бутун дунёда кузатилган каронавирус пандемияси даврида ходимларимизнинг кўнгилдагидек сифатли хизмат олиб боришлари учун монелик қилди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатда санитар-эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва умуман, тиббиёт соҳасини ривожлантиришга бўлган давомли эътибори сабабли бугун жамоамиз муҳташам, замонавий лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган бинога эга бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, шу эзгу ишнинг бошида турган инсонларга самимий миннатдорлик билдираман.
Янги бинонинг қурилиши учун давлат умумғазнасидан 3 млрд. 850 млн. сўм маблағ сарфланди. Бундан ташқари, бўлимга 320 млн. сўмлик замонавий офис жиҳозлари ҳамда вакцина сақлаш омборида совуқлик занжирини мустаҳкамлаш учун махсус музлаткич ва рефрижераторлар ўрнатилди. Эндиликда бу масканда бартериологик, вирусологик, санитария-гигиеник ва паразитологик лаборатория хизматлари кўрсатиш имкони яратилди. Эътиборли томони шундаки, Бағдоддаги каби янги ва замонавий кўринишга эга бино шу кунга қадар вилоятимизда Данғара ва Учкўприк туманларида барпо этилган.
Туман аҳолиси ўртасида юқумли касалликларга қарши эмлаш ишларини сифатли ташкиллаш, юқумли ва паразитар касалликларнинг эрта олдини олиш, хавфсиз овқатланишни кенг тарғиб этиш, аҳолининг санитария маданиятини ошириш, мавжуд корхона ва ташкилотларда ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мазкур бўлимнинг асосий вазифаларидан саналади.
Бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкилланган тантанали тадбирда вилоят санитар-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Эргаш Маликов, туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.