Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-175-сон Фармони бўйича САВОЛЛАР-ЖАВОБЛАР
2022-08-29 17:44:59 390
Давлат тўлаб берадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун кимга мурожаат қилиш керак?
Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан белгилаб берилган ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан тегишли лойиҳа ишлаб чиқилган.
Лойиҳага асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси мурожаат талабисиз тайинланиши кўзда тутилган. Аёлга тиббий ташкилот (оилавий поликниника, туғруқ муассасаси, қишлоқ врачлик пункти) томонидан ҳомиладорлик ва туғиш меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилганидан сўнг, тиббий ташкилотнинг масъул ходими ушбу варақани “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да электрон рўйхатдан ўтказади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” эса “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси билан ахборот алмашувини қўллаб, аёлнинг бандлиги ва иш стажини автоматик равишда аниқлайди ва мезонларга жавоб берса, нафақани тайинлайди.
Бундан кейин, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” автоматик равишда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси аёлга тайинланганлиги ҳақида телефонига СМС юборади.
Яъни, фуқаро ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлови учун ҳеч қаерга мурожаат қилмайди ва тиббиёт ташкилоти томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақасини ахборот тизимига тўғри киритишининг ўзи кифоя қилади.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бериш қандай амалга оширилади?
Лойиҳага асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси аёлнинг номига очилган актив пластик картаси мавжуд бўлса нафақа ҳомиладорлик ва туғиш меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилган ойдан кейинги ойнинг 10 санасигача ўша картага тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Агар аёлнинг номида очилган пластик картаси мавжуд бўлмаса, СМСда АТ “Халқ банки”нинг филиалига мурожаат этиши кўрсатилади ва ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси нақд кўринишда тўлаб берилади.
Умумий нафақанинг неча фоизини давлат қоплаб беради?
Нафақанинг давлат томонидан тўлаб бериладиган қисми минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб 2 млн. сўм миқдорида 4 ой учун бир йўла тўланади. Иш берувчи эса нафақанинг Меҳнат кодексига мувофиқ қолган қисмини тўлаб беради.
Меҳнат кодексининг 286-моддасига асосан тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади. Яъни, иш берувчи тўлаб берадиган нафақа қисми аёлнинг иш ҳақидан келиб чиқиб ўзгаради.
Мисол учун: Аёлнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1 200 000 сўм бўлиши мумкин. Бунда, Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан унга 4 ой ҳомиладорлик туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даврига жами 2 000 000 сўм нафақа тўлаб берилади. Жами, Меҳнат кодексига асосан бу аёл жами 4 800 000 сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиши керак. Айнан бу ҳолатда, иш берувчи унга 2 800 000 сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб беради. Натижада, Ижтимоий суғурта жамғармасидан қоплаб берилган нафақа улуши 42 фоизни ташкил қилади.
Агар аёлга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақа тўланаётган бўлса, шу даврда у ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳам олса бўладими?
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда меҳнат шартномаси асосида охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тайинлаш ва тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Бунда, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган ёки киритилмаганлик ҳақидаги алоҳида мезон мавжуд эмас.
Юридик шахсларга кимлар киради?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 39-моддасига мувофиқ, ихтиёрида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади. Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак.
Якка тартибдаги тартибкор аёлга ҳам мазкур Фармон билан ҳомиладорлик ва туғиш нафақа пуллари тўлаб бериладими?
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодекси 31-моддасида эса, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, таъкидлаш мумкинки, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари юридик шахс ҳисобланмаслиги сабабли, биринчи босқичда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларида хизмат қилувчи хотин-қизларга қўлланилмайди.
Кейинчалик, ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириб бориш жараёнида якка тартибдаги тартибкор аёлларга ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бериш тартиби кўриб чиқилади.
Стратегия доирасида миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилотининг “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 183-сонли Конвенциясига мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Ушбу Конвенциянинг мазмуни ва моҳиятини тушунтириб бера оласизми?
Халқаро меҳнат ташкилотининг 183-сонли Конвенцияси ҳомиладорлик ва туғиш таътили ва нафақаларини тўлаб беришга оид нормаларни белгилаб берган.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили ва нафақасига оид қонунчилик Конвенциянинг кўпгина нормаларига мувофиқ. Мисол учун, Конвенцияага асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътили 14 хафта бўлиши тавсия этилади, Ўзбекистон Республикасида эса бу муддат 18 хафта деб белгиланган. Оғир туғруқ ёки иккита ва ундан кўп бола туғилган ҳолларда ушбу таътил муддати янаям узайтирилади. Ушбу конвенцияга асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори аёлнинг иш ҳақининг 66,66 фоизини ташкил қилиши талаб қилинади. Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексига асосан эса ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори аёлнинг тўлиқ иш ҳақига тенг бўлиши белгиланган.
Фақатгина, Конвенцияда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб беришни иш берувчи зиммасига юклаш тавсия этилмаслиги белгиланган бўлса, амалдаги тартибга асосан Ўзбекистон Республикасида бюджет ташкилотларида нафақа бюджет маблағаларидан тўланади, хусусий секторда эса иш берувчи томонидан тўланади. Айнан, шу камчиликни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ижтимоий суғурта тизимини босқичма-босқчи жорий этиш ва ривожлантиришга оид чоралар Фармонда белгилаб берилган.
Агарда нафақа берилмаса кимга ва қай тарзда мурожаат қилиш керак?
Лойиҳа қабул қилинганидан сўнг ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси бўйича саволлар билан (71) 239-12-31, (71) 239-19-46, (71) 239-11-44 рақамларига мурожаат қилиш мумкин.
Саволларга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бағдод тумани бўлими бошлиғи С.Собиров жавоб берди.