Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 3 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Санъаткорлар пахтакорлар хизматига шай

×

 2022-09-27 17:55:23    212

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод туманидаги “Солижон Аҳмедов” фермер хўжалиги пахтазорларида пахта тераётган теримчилар учун бугунги тушлик ўзгача кечди: улар ҳузурига туман маданият бўлими ходимлари ва таниқли санъаткорлар ташриф буюрди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар - Яҳёбек Мўминов ва Тўлқинжон Ҳайдаровнинг ижодини ардоқловчилар нафақат Фарғонада, балки бутун мамлакатимизда миллионлаб топилади. Устоз санъаткорларнинг ҳар бир хонишини мухлислар доим илиқлик ва интиқлик билан кутиб олишади. Бу гал ҳам шундай бўлди: уларнинг дилбар қўшиқлари дала меҳнаткашларига ғоят манзур тушди.

– Қўшиқ кишига хуш кайфият бағишлайди, – дейди туман маданият бўлими раҳбари Аҳроржон Ҳатамов. – Санъаткорларнинг қўшиқларидан теримчи опа-сингилларимиз завқланди, яйраб рақсга тушдилар. Маълумки, кишининг кайфияти яхши бўлса, ишида унум, барака бўлади. Яхши дам – меҳнатга ҳамдам-да!

Дарвоқе, 48,7 гектар майдонда ғўза парваришлаган “Солижон Аҳмедов” фермер хўжалиги аъзолари давлатга 200 тоннадан ошириб қимматбаҳо саноат хомашёсини сотишни мақсад қилишган. Шу кунга қадар бунёд этилган хирмон 150 тоннага етиб қолди ва далаларда ҳосил чўғи мўлжалдагидан кам эмас. Пахтани ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиштириб олишга киришган теримчиларнинг иштиёқи ҳам баланд. Уларнинг ҳар бири кунига 100 килограммдан ошириб пахта териб, хирмонга барака киритмоқда. Терим пуллари ўз вақтида тарқатилмоқда, теримчилар учун иссиқ овқат ва бошқа маиший шароитлар яратиб берилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш керак, туман маданият бўлими ходимлари пахтакорларга маданий хизмат кўрсатишни ўзларининг маънавий бурчи ҳисоблайдилар. Бинобарин, эстрада жамоалари, ашула ва рақс ҳамда фольклор ансамбллари доимий равишда теримчилар ҳузурида бўлиб, уларга хуш кайфият улашаётир.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.