Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 0 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар муҳокама қилинди

×

 2022-10-15 18:36:29    216

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимлари томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва тушунчаларини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Аммо шунинг ўзи билангина тартиб ўрнатилиб, қатнов йўлларида ҳаракатланиш хавфсиз бўлиб қолмаяпти-да!

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Бағдод тумани ҳудудида 62 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд қилинган. Мазкур кўнгилсиз ҳодисалар оқибатида 44 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган бўлса, яна 18 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Ачинарлиси шундаки, йўл-транспорт ҳодисаларининг 42 таси пиёдалар ва велосипедчилар иштирокида содир бўлган.

Масалан, шу йилнинг 20 сентябрь санасида 1973 йилда туғилган И.А. ўзининг “DAMAS” русумли автомашинасини туманнинг Қирқволида қишлоғи ҳудудида бошқариб кетаётиб, вояга етмаган – 2011 йилда туғилган велосипедчи У.Р.ни уриб юборган. Оқибатда, велосипедчи тан жароҳати олиб, даволаниш учун шифохонага ётқизилган.

Бундан ташқари, 26 сентябрь куни 1986 йилда Олтиариқ туманидан туғилган Б.О. ўзига тегишли “DAMAS” автомашинасини Бағдод туманининг Қоракўл қишлоғи ҳудудида бошқариб кетаётиб, пиёда ҳаракатланаётган О.Ҳ.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Оқибатда, 11 ёшли пиёдага ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етган. Ҳар икки ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бугун туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Юсуфжон Хусаинов айни манзилларда бўлиб, аҳоли вакиллари иштирокида автоавария билан боғлиқ жиноятларни муҳокама қилди. Бунда, пиёдалар, айниқса, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ортиб бораётгани, вояга етмаганлар ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини кенг тарғиб этиш ва энг муҳими, бу каби салбий ҳодисаларнинг олдини олишга барча бирдек масъул ҳамда манфаатдор экани таъкидланди.

Таҳлиллар, пиёдалар билан боғлиқ автоавариялар Қоракўл қишлоғи ҳудудида тез-тез кузатилаётганини кўрсатади. Шуни инобатга олган ҳолда, қишлоқни иккига айириб ўтган қатнов йўлига махсус пиёдалар ўтиш йўлакчаси барпо этилмоқда. Қолаверса, автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлигини ўлчаб, содир этилган қоидабузарликларни электрон тарзда қайд этиб борувчи радар мосламаси ушбу йўналишга ўрнатилиши кутилмоқда.  

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти қадрли. Ана шу ҳаётимизни, бебаҳо саломатлигимизни асраб-авайлаш энг аввало, ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, транспортда, йўлларда юрганда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир. Транспорт воситаси ҳайдовчилари, пиёдалар бир-бирларини ҳурмат қилган ҳолда йўлларда тартибли, маданиятли ҳаракатланишга ўрганиши лозим. Шундагина кўплаб инсонларни ҳаётдан бевақт олиб кетаётган ёки умрбод ногиронлик аравачасида юришга маҳкум этаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишимиз мумкин.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.