Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 7 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Туман ҳокими: “Кўчат экиш – ҳисобот учун эмас!”

×

 2022-11-17 17:32:07    299

PDF yuklash
Chop etish


Бағдодликлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил кузги мавсумда 317 минг тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экишни мақсад қилишган. Таъкидлаш керакки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар кун сайин туманда кенг қулоч ёзиб бормоқда.

- Қишлоқ хўжалиги ерларида ташкил этилиши белгиланган иҳота дарахтзорларида 17 минг тупга яқин, фермер хўжаликлари тасарруфидаги экин ер майдонлари четларига эса 113 минг 600 туп турли дарахт кўчатлари экишни режалаштирганмиз, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шавкатжон Маъмуров. – Шу мақсадда, Қува туманида кўчат етиштириш билан шуғулланувчи хўжаликлардан бугун 152 минг туп тут кўчатини олиб келдик, эртага яна 100 минг туп кўчат келтирилади. Мазкур кўчатлар фермер хўжаликларига тасарруфидаги ер майдонининг гектарига қараб, 2-5 минг тупдан тақсимлаб бериляпти. Эртадан бошлаб барча хўжаликларда кўчат экиш ишлари бошланади. 

Туманда ҳудуд иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш, кўчат захирасини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги бўш ер майдонларига терак қаламчалари қадалиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида келгуси йилларда амалга оширилажак тадбирлар учун замин ҳозирланмоқда.

- Кеча ва бугун 50 минг дона терак қаламчаси қадалди, - дейди туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари (в.в.б.) Иқболжон Боймирзаев. – Бунда, тупроқнинг механик таркиби, сизот сувларининг чуқурлиги, суғориш манбаларининг мавжудлиги алоҳида инобатга олинмоқда. Янгидан ташкилланаётган “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”да ўтқазилган ҳар бир туп кўчатнинг ҳисоби юритиляпти, уларнинг парвариши учун масъуллар бириктирилган. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудларда кўчат экилган майдон, уни эккан ва тасарруфга олган субъект, суғориш тизими, фотосурат ва жойлашув локацияларини ўз ичига олувчи “yashilmakon” – ягона электрон базасига киритиб борилмоқда. 

Туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов ва сектор раҳбарлари ушбу жараёнларни доимий назоратга олиб, кўчат экиш тадбирларида шахсан иштирок этмоқдалар.

-  Бу чора-тадбирларни амалга ошириш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Зеро, кўчат экиш, боғ яратиш юрт ободлиги, эл фаровонлиги, ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган эзгу амалдир. Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Шу боис, ушбу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳисобот учун эмас, ҳавас билан қилишимиз керак, - дея таъкидлади Юсуфжон Хусаинов.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.