Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ишни асбоб қилади – эгаси лоф уради”
2022-11-24 10:35:55 297
25 ёшли Аббосбек Усмоналиев Бағдод туманининг “Хўжақишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Униям бир дунё орзу-умиди, эзгу ниятлари бор. Дадасига суянч, оиласига тиргак бўлишни истайди – ўғил бола-да!
Аббосбек болалигидан муҳандисликка ишқибоз: рўзғорга бакор келиб турган автомашинанинг “у ёғидан кириб бу ёғидан” чиққан. “Damas”нинг ҳар қандай таъмирини маромига келтириб, ўзи мустақил бажаради – ҳайдовчининг боласи-да!
Маҳалладаги ёшлар етакчиси Илҳомжон Қосимжонов уйма-уй ўтказилган хатлов жараёнида Усмоналиевлар хонадонини ҳам яқиндан ўрганиб, Аббосбекнинг доимий бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш учун техник калитлар жамланмаси ва бурғулаш асбоби зарурлигини тушуниб етди ҳамда уни “Ёшлар дафтари”га киритди – “бўладиган” бола-да!
Тунов куни Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлинмаси томонидан субсидия тариқасида ажратилган асбоб-анжомлар Аббосбекнинг дадасига топширилди.
- “Ишни асбоб қилади – эгаси лоф уради”, деган катталаримиз, - дейди Шерали ака. – Ўғлимнинг 4 та ключи борийди, шундаям дунёи жаҳоннинг машинасини тузатворди. Лекин “Иш-қуролнинг созлиги – машаққатнинг озлиги”, деган гаплар ҳам бор. Энди Аббосимнинг қўли қўлига тегмайдиган, бири икки бўладиган бўлди. Ташкилотчиларга катта раҳмат айтаман.
Шерали ака хурсандлигини яширмади – боласининг дадаси-да!..
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.