Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Давлатдан субсидия олган тадбиркор 18 нафар аёлни доимий иш билан таъминлади
2023-01-24 16:31:44 284
Бағдод туманининг "Чекмирзаобод" маҳалла фуқаролар йиғинида касаначилик фаолиятини йўлга қўйган тадбиркор Мавжудахон Эрназарова "Diyor-Davron Ziyo Nur" оилавий корхонаси фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида, "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да рўйҳатга олинган, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган 18 нафар хотин-қизлар билан меҳнат шартномасини тузди.
Табиийки, иш берувчи ўз ходимларини керакли асбоб-ускуна ва воситалар билан таъминлаши зарур. Тадбиркор Мавжуда Эрназарова шуни инобатга олиб, 89 млн. 500 минг сўм эвазига 3 турдаги 18 та тикув машиналарини харид қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 апрелдаги "Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори асосида, ушбу ускуналар хариди харажатларининг 50 фоизи (44 млн. 750 минг сўм) Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.
- Корхонамизда катта ва кичик ёшдагилар учун қишки-ёзги кийимлар, келинлар либослари ва сарполари ҳамда янгича дизайндаги пардалар тикилади, - дейди тадбиркор М.Эрназарова. - Янги тикув машиналарини сотиб олиш харажатларининг тенг ярмини қоплаб бериш учун субсидия ажратилгани менга жуда катта кўмак бўлди. Насиб бўлса, бундан кейин ҳам фаолиятимизни босқичма-босқич кенгайтириб борамиз.
Маълумот учун: туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ўтган 2022 йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида 61 нафар фуқарога 188 млн. 400 минг сўм маблағ субсидия тариқасида ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 608 нафар фуқарони касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш мақсадида 69 млн. сўм маблағ иш ҳақи ва стипендия сифатида тўлаб берилди.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.