Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 4 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“Ташаббусли бюджет”: туман марказидаги зах қочириш дренажлари мукаммал таъмирланади

×

 2023-04-14 15:04:17    193

PDF yuklash
Chop etish


“Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 117-сонли қарорига биноан ғолиб деб топилган таклифлар қаторидан Бағдод тумани марказида мавжуд 20 та зах қочириш дренажларини мукаммал таъмирлаш лойиҳаси ҳам ўрин олди.

Аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш ва муносиб шарт-шароитлар яратиш, даромадини ошириш, санитар-гигиеник ҳолатни барқарорлаштириш ва энг муҳими, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлашда ушбу лойиҳанинг қандай аҳамияти бор? айни савол билан туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Иқболжон Боймирзаевга юзландик.

- Ҳақиқатан ҳам, марказ ҳудудида 20 дона зах қочириш иншооти мавжуд ва уларнинг ярмидан кўпи анчадан буён ишламасдан, таъмирталаб ҳолатда турибди, - дейди И.Боймирзаев. – Туманимиз ҳокимининг тавсияси ҳамда маҳаллий аҳоли вакилларининг маслаҳатлари билан, ана шу дренажларни мукаммал таъмирлаш таклифини “Очиқ бюджет”га киритдик ва якунда ижобий натижага эришдик. Хўш, зах қочириш иншоотларининг мукаммал таъмирланиши халқимизга нима беради? Биласиз, марказда сизот сувлар ер сатҳига жуда яқин жойлашган. Бу эса, аҳолининг яшаш хонадонларида, томорқаларида зах сувларнинг тўпланишига олиб келади ва бино-иншоотларга зарар етказиб, томорқадан қўшимча даромад олиш имкониятини ҳам йўққа чиқарар эди. Яна, кунлар исиши билан марказ кўчаларида нохуш ҳид пайдо бўлади, паразит ҳашаротлар кўпаяди, санитар-гигиеник мувозанат бузилади. “Ташаббусли бюджет” орқали ана шу муаммоларга ечим топилди энди.

Туман марказидаги “Муқимий”, “Ўзбекистон”, “Дўстлик” ва “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли хонадонларининг 2 минг 200 дан ортиғида томорқа мавжуд. Ушбу томорқалар 128,5 гектар майдонни банд қилган. Демакки, лойиҳа минглаб томорқа эгалари учун қўшимча даромад манбаи яратилишига ҳамда ўзини ўзи банд қилиш кенгайишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, лойиҳага кўра, зах қочириш иншоотларига мос равишда 20 та сув насоси ва яна шунча трансформатор харид қилиниши кўзда тутилган. Бу – 2 мингдан ортиқ хўжаликда электр таъминоти яхшиланади, зўриқиш билан ишлаб турган мавжуд трансформаторлар “юк”и енгиллайди, дегани.

Энди, лойиҳанинг тиббий аҳамияти хусусида: мутахассисларнинг фикрича, бўғим-умуртқа, буйрак, ўпка ва жинсий касалликлар айнан зах авж олган ҳудудларда кўпроқ тарқалган. Шунингдек, инсон танасида турли касалликларга қарши курашувчанлик сусаяди, яъни иммун тизими ишдан чиқади. Статистик маълумотларга кўра, марказ аҳолиси сўнгги 5 йил давомида ушбу касалликлардан энг кўп азият чеккан.

Юқоридагилардан кўринадики, мавжуд дренажларни мукаммал таъмирлаш лойиҳаси, энг аввало, минглаб инсонлар турмушини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, экологик барқарорликка эришиш ҳамда кўп йиллик муаммоларга барҳам бериши билан аҳамиятлидир.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.