Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 12 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“Ташаббусли бюджет”: 53-мактаб биноси таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этади

×

 2023-04-26 17:10:42    276

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод туманининг “Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтган асрнинг 90-йилларида қурилиши бошланган, аммо кейинчалик қаровсиз қолдирилиб, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бинодан 1996 йилга келибгина 11-умумий ўрта таълим мактабининг филиали сифатида фойдаланила бошланди. Аҳоли сонининг муттасил ортиб бориши филиалга алоҳида мақом берилишини тақазо қилди ҳамда 2019 йилда 53-умумий ўрта таълим мактаби ташкил этилди.

Айтиш керакки, қарийб чорак асрдан буён тузук-қуруқ таъмирланмаган мактабнинг бугунги аҳволи миллий таълим келажагига бефарқ қарамаган ҳар қандай инсоннинг таъбини хира қилади. Отамзамондан қолган эшик-ромлар очилса – ёпилмайди, ёпилса – минг “ҳунар” билан очилади. Парта, стул, ёзув тахталари ва бошқа жиҳозлар аллақачон фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган, аммо янги мебеллар ўқувчи-ю ўқитувчиларнинг тушига киряпти, холос. Деворлар моғорлаган, сувоғи кўчган, полнинг тешик қисмлари амал-тақал ямаб қўйилган, иситиш тармоқларини-ку таърифлаб бўлмайди сираям.

Бир гуруҳ фаоллар айни мактабдаги ҳолатни ўнглаш, ёш авлодга сифатли таълим бериш, замонавий қулайликлар яратиш мақсадида “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги биринчи мавсуми учун лойиҳа таклифини киритдилар ва якунда 2 минг 289 та овоз тўпланди. Эътиборлиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 117-сонли қарорига биноан, мазкур таклиф ҳам ғолиб деб топилди.

- Шундан кейин мактабдаги муҳит тамоман ўзгарди, - дейди директор Шоҳида Турсунова. – Устозлар ҳам, ўқувчилар ҳам ва уларнинг ота-оналари ҳам Давлатимиз раҳбарининг бу қароридан жуда мамнун бўлишди. Насиб бўлса, келгуси ўқув йилида мактабимиз мутлақо замонавий кўриниш олади ва аҳолининг кўп йиллик орзу-истаклари рўёбга ошади.

Лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджетидан 1,2 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бунда, ўқув биноларини мукаммал таъмирлаш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Маълумот учун: “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йилги илк мавсумида Бағдод тумани фуқаролари томонидан 164 та лойиҳа таклифи илгари сурилган бўлса, уларнинг 31 таси ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 36 млрд. 774,6 млн. сўм йўналтирилади.

Ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг 19 таси маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ бўлса, қолган 12 таси ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлашга қаратилган.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.