Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодлик пиллакорлар жорий йилнинг 1-мавсумида 2 минг 250 қути ипак қурти парваришлашяпти
2023-04-27 17:24:18 247
Бағдод – моҳир пиллакорлар юрти. Зотан, пиллачилик – йилнинг чилги ҳосили, илк даромади эканини бой тажриба орттирган пиллакорлар яхши билишади. Улар ҳар куни эрта саҳарда уйғониб, Яратгандан пилла хирмони баракали бўлишини тилаб меҳнат қиладилар. Бир ой давомида ипак қурти тиним билмайди, қаровчиларни ҳам тиндирмайди. Хирмон кўтарилганда эса барча чарчоқлар чиқиб кетади. Соҳада йил сайин моддий манфаатдорлик ортиб боряпти. Фермерлар томонидан пиллакорларга ун, ёғ тарқатиляпти, такрорий экин учун ер ажратиляпти. Ҳалол меҳнатлари билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётганидан уста пиллакорлар жуда мамнун.
Айниқса, пиллачилик кластерларининг ташкил этилиши соҳа ривожига катта туртки бўлди. Ипак қурти боқиш бўйича барча таъминот улар зиммасида, кўнгилдагидек адо этишяпти.
Туман ҳокими ўринбосари Тўлқиной Тожиеванинг маълум қилишича, бу йил туманимиз пиллакорлари 1-мавсумда 2 минг 250 қути ипак қурти парваришлаб, 147 тонна чиллаки ҳосил етиштиришни мақсад қилганлар. "Нурли тонг" пиллачилик кластери томонидан қурт боқувчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, улар учун йил давомида қўшимча даромад манбаини яратишда мазкур йўналиш қўл келмоқда.
– Рости, бир муддат одамлар пиллачиликдан, ипак қурти боқишдан йироқлашиб кетган эди. На моддий манфаатдорлик, на шарт-шароит бор эди, фақат ўтин учун ипак қурти боқилган кунларни кўрдик. Шукурки, бугун ҳолат бутунлай ўзгарган, – дейди моҳир пиллакорлардан бири Зулайҳо опа Бакирова. – Кейинги йилларда соҳага оид қатор фармон ва қарорлар имзоланди, ҳаётга татбиқ қилинди. Касаначилар бир ой ипак қурти боқиб, бир йиллик меҳнат стажига эга бўлмоқда. Етиштирилган хом пилла учун иш ҳақи тарози устида нақд пул шаклида тўлаб берилмоқда. Субсидия ажратилмоқда. Натижада, қурт боқувчилар сони йил сайин ортиб, ҳосилдорлик ҳам юксалмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.