Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодлик пиллакор: "Меҳнатимизга яраша даромад оляпмиз"
2023-05-10 16:34:01 232
Бағдод туманининг "Ирғоли" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сойибжон Умаров ўз хонадонида касаначилик асосида ипак қурти парваришламоқда. Ипак қурти боқишнинг ҳадисини олган моҳир пиллакор ҳар йилги мавсумда умумий хирмонга муносиб ҳисса қўшиб келади. Жорий йилги мақсади ҳам ҳар йилдагидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш. Бу юмушда унга оила аъзолари яқиндан кўмак бераётир.
Таъкидлаш лозимки, оилавий пудрат асосида ипак қурти парваришлаб келаётган фуқароларга тегишли мутасаддилар томонидан амалий-услубий тавсиялар бериб келинмоқда.
- Пиллачилик йўналишидаги кластер корхонаси мутахассислари кунда-кунора хонадонимизда бўлишиб, ипак қурти парваришлашнинг замонавий услублари, масалан, Вьетнамча усул ҳақида тўлиқ тушунчалар, зарур тавсиялар беришмоқда, - дейди С.Умаров. - Бу усулнинг афзаллиги, ҳосилнинг сифатли ва баракали бўлишини амалда кўряпман. Пиллачилик йилдан-йилга сердаромад соҳага айланиб боряпти. Меҳнат қилган одам барака топиб, фаровонликка эришяпти. Ўзимдан қиёс: ҳар мавсумда чиллаки ҳосилдан мўмай даромад олиб, тўй қиляпмиз, янги иморатлар кўтаряпмиз. Маҳалламизда ўндан зиёд хонадонда 20 га яқин қутида ипак қурти парваришланмоқда.
Банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни пиллачилик билан шуғулланишга қизиқтириш, шунингдек уларга муносиб шароитларни яратиб бериш, мавсум билан боғлиқ барча зарурий жиҳозларни етказиш бўйича туманда зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Маълумот учун, бу йил туманимиз пиллакорлари 1-мавсумда 2 минг 250 қути ипак қурти парваришлаб, 147 тонна чиллаки ҳосил етиштиришни мақсад қилганлар. "Нурли тонг" пиллачилик кластери томонидан қурт боқувчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.