Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Тумандошимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди
2023-05-11 16:31:29 235
Бағдодлик ҳажвчи, носир, “Йўл бошида”, “Қалампирнома”, “Қочоқ хўроз”, “Ўзимизнинг Бағдод”, “Шалдирама” каби ҳикоя ва ҳажвиялари орқали адабиёт ихлосмандларига яхшигина таниш бўлган Ғайрат Абдулло (Ғайратжон Абдуллаев) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Тумандошимиз куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб, аъзолик гувоҳномасини уюшма раиси – Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид қўлидан қабул қилиб олди.
- Камтарона ижодимиз бу қадар юксак баҳоланганидан миннатдорман, албатта, - дейди уюшманинг янги аъзоси. – Шу билан бирга, бу эътирофнинг шарафи, масъулияти аввал хаёл қилганимдан-да ортиқ эканини ҳис қилиб турибман. Улуғ устозлар сафида туриш, уларга муносиб давомчи бўлиш, билдирилган ишончни оқлаш ўзича эмас, ахир. Бундан буёғига, ижодга янада астойдил шўнғийман, насиб. Чунки Адабиёт оламига келиш бор, кетиш йўқ!
Ҳозирда халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгаши Котибияти мудири лавозимида самарали фаолият юритиб келаётган Ғайратжон Абдуллаев бадиий ижодга “бир думалаб” кириб келгани йўқ. Зотан, етук ижодкорлар сулоласи вакили – марҳум ҳажвчи Анвар Муқимовнинг набираси, шоир Ғулом Абдулланинг ўғли, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг, ҳажвчи-ёзувчи Саид Анварнинг жияни бўлганидан кейин Ғайрат Абдуллонинг ҳам манзил-макони – адабиёт! Қонда бор-да...
Севимли шоиримиз Иқбол Мирзо шундай ёзади: “Муштум”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Шарқ юлдузи” каби адабиёт воситаларида чиққан ҳажвларининг кўп қаҳрамонлари кўз олдимда турибди. Бу бежизмас, чунки Ғайратжон бир умр эл ичида, оддий одамлар орасида яшаяпти, халқ турмушининг икир-чикиригача билиши ва ифодага сола олиши ана шундан. Албатта, бу ерда истеъдод ҳам барака беради. Раҳматли устоз Анвар Обиджон Ғайратга камол тилаб “оқ йўл” – оқ фотиҳа берганигаям ўттиз йилдан ошибди. Мана, ўша талаба йигитча бугун қирчиллаб турибди...”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг яна бир аъзоси, шоир Минҳожиддин Мирзонинг эътирофича, “Адабиёт, унинг аҳли учун Ғайрат Абдуллодай фидойилар керак. Тақдирини ҳалол сўз билан боғлаган, адабиётни, унинг ижодкорларини ҳамиша қўллаб келган яна бир ижодкорнинг сафимизга қўшилиши барчамизни қувонтиради”.
Ғайрат Абдуллога Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси гувоҳномасини тантанали топшириш маросимида Бағдод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Саиджон Давлатов ва бир гуруҳ таниқли ижодкорлар қатнашди.
Маълумот учун: Ғайрат Абдулло – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган бағдодлик ижодкорларнинг тўққизинчиси бўлди. Бунгача, Иқбол Мирзо, Адҳам Дамин, Набижон Боқий, Муҳаммадсоли Саримсоқов, Анвар Муқимов (марҳум), Саид Анвар, Каримабегим ва Ўткир Ҳидир уюшма аъзоси сифатида ижод қилиб келаётган эдилар.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.