Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Самандарак маҳалласи Давлат грантини қўлга киритди
2023-05-17 17:49:00 214
Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашиш” мавзусида Давлат гранти 2-танловини эълон қилган эди. Эътиборлиси, Бағдод туманининг “Самандарак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Зайлобиддиновнинг ижтимоий лойиҳаси Парламент комиссияси томонидан ғолиб деб топилиб, лойиҳада кўзда тутилган мақсадларни амалга ошириш учун 90 млн. сўм миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди.
“Ҳунар – битмас хазина” деб номланган ижтимоий лойиҳага кўра, “Самандарак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи эҳтиёжманд, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган 10 нафар ишсиз аёллар ҳунармандчилик йўналишидаги ўқув курсларига жалб этилади ва келгусида улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жумладан, меҳнат қуроллари сотиб олинишида амалий ёрдам кўрсатилади.
Лойиҳа асосида, шунингдек, миллий ҳунармандчилик соҳасида устоз-шогирд анъаналарини янада ривожлантириш, кекса авлоднинг билими, тажрибаси ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиш, уларни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш кўзда тутилган.
- Mамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом этаётгани қувонарли, албатта, - дейди МФЙ раиси Дилмурод Зайлобиддинов. – Шунинг учун ҳам, танланган лойиҳани амалга ошириш, хусусан, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий ҳунармандларнинг узоқ йиллик тажрибасини ўрганиш жуда муҳим ва ўта долзарб масала, деб ўйлайман.
Умуман олганда, “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашиш” мавзусидаги давлат гранти 2-танлови якунида жами 45 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун 4 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.