Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қароқчитол – улкан бунёдкорлик майдонига айланди
2023-06-08 09:45:00 195
Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 117-сонли қарорига биноан ғолиб деб топилган таклифлар қаторидан Бағдод туманининг "Қароқчитол" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 3 минг метрдан зиёд ички хўжалик йўлларини асфальтлаш лойиҳаси ҳам ўрин олган эди. “Фар кўркам водий” масъулияти чекланган жамияти йўлсозлари бугундан ушбу лойиҳани амалга оширишни бошладилар.
- Корхонамиз йўл қурилиши соҳасида яхшигина тажриба тўплаган, - дейди МЧЖ раҳбари Гулнозахон Қобулова. – Жорий йил бошидан буён Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 30 км, “Ташаббусли бюджет”да ғолиб чиққан лойиҳалар бўйича 12 км узунликдаги йўлларга асфальт ётқиздик. Бажарилган ишлардан халқимиз рози бўляпти, шунга яраша, ишимизда унум-барака бўляпти.
Маҳалла раиси Иззатилло Тошпўлатовнинг маълум қилишича, лойиҳада Муҳташам, Баркамол ва Файзли кўчаларида жами 3 минг 20 метр узунликдаги ички йўлларни асфальтлаш белгиланган. Бунинг учун давлат бюджетидан 1 млрд. 200 млн. сўм маблағ йўналтирилмоқда. Ҳудудда юз бераётган бундай ўзгаришлардан ёшу қари бирдай хурсанд.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳаллада яна 2,7 км узунликдаги ички йўлларни асфальтлаш ҳам бошлаб юборилди.
Умуман олганда, Қароқчитол – бугун улкан бунёдкорлик майдонига айланган.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.