Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ташаббусли бюджет” самараси: Чексаройда нобоп электр таянчлари тўлиқ янгиланади
2023-06-12 19:41:17 201
Бағдод туманининг “Чексарой” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги 1-мавсумида ҳудудда электр таъминотини яхшилашга қаратилган таклиф-лойиҳаси билан қатнашиб, якунда ғолиблар қаторидан ўрин олган эдилар. Лойиҳада, кўчалардаги нобоп ва қўлбола симёғочларни темир-бетон таянчларга алмаштириш ва шу орқали таъминотдаги йўқотишларнинг олдини олишга эришиш назарда тутилганди. Бугундан ушбу лойиҳа бўйича 1 минг дона темир-бетон таянчларни маҳаллага ташиб келтириш бошланди.
- Аксар симёғочлар ростдан ҳам жуда аянчли аҳволда эди, арзимаган шамол ҳам уларни йиқитиб, яхшигина талафотлар келтириб чиқараётганди, - дейди маҳалла раиси Исроил Ҳасанов. – Ана шу муаммони бартараф қилиш мақсадида туманимиз ҳокимининг таклифи билан “Ташаббусли бюджет”да қатнашдик ва етарли миқдорда овоз жамғариб, лойиҳамиз учун давлат бюджетидан маблағ ажратилишига эришдик. Маҳалламиз инфратузилмасини босқичма-босқич яхшилашга қаратилган бу эзгу ишлардан фуқаролар жуда хурсанд. Насиб бўлса, тез кунларда ясама симёғочлар ўрнида янги темир-бетон таянчлар бўй кўрсатиб, аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлашга эришамиз.
МФЙ раисининг маълум қилишича, ҳудудда 1 минг 12 та хонадон мавжуд бўлиб, электр таъминоти қарийб 800 та хонадоннинг доимий муаммосига айланганди. Лойиҳадаги ишлар тўлиқ якунлангач эса, айни муаммо тўлақонли ўтмишга айланади.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.