Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 30 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Мактабнинг мавжуд биноси мукаммал таъмирланиб, қўшимча ўқув биноси барпо этилмоқда

×

 2023-06-15 18:30:45    192

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактабида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Давлат бюджетидан ажратилган 5 млрд. 704 млн. сўм маблағ эвазига мавжуд 240 ўринли ўқув биносини мукаммал таъмирлаш ҳамда 330 ўринли янги ўқув биносини барпо этиш кўзда тутилган.

“Водий келажак авлод қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилаётган қурилиш ишлари бугун айни авж паллада. МЧЖ раҳбари Ойбек Қозоқбоевнинг айтишича, ҳозирга қадар мавжуд бинода том ёпиш, тахта пол ётқизиш ва эшик-ром ўрнатиш тўлиқ якунланиб, пардозлаш ишлари жадал давом этмоқда.

- Ишни икки сменада олиб бораётганимиз ўз самарасини беряпти, - дейди О.Қозоқбоев. – Қурувчиларимизнинг барчаси малакали, соҳада кўп йиллик тажрибаси бор. Зиммамизга юклатилган мажбуриятни ҳалол ва виждонан адо этиб, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган муддатда сифатли якунлаймиз.

Директор Толибжон Сиддиқов, мактабда 570 нафар ўқувчи таҳсил олиши ҳамда таълим 2 сменада олиб борилишини маълум қилар экан, аввалги ҳолатни шундай тавсифлайди:

- Мактабимиз 1976 йилда фойдаланишга топширилган. У пайтларда аҳоли сони кам, 240 ўринли бино билан ўқувчилар бемалол қамраб олинган эди. Лекин бугунга келиб, қарийб 600 нафар ўғил-қиз бу масканга қатнайди – 2,4 коэффициент! Ўқувчиларни сиғдиролмасдан, қоровулхона, ошхона ва бошқа ёрдамчи-хўжалик хоналарини ҳам синфхонага айлантириб, тор ва файзсиз хоналарда дарс ўтардик. Мана, худога шукр, давлатимизга раҳмат, кўпчилик қишлоқдошларнинг орзулари ушаладиган бўлди...

Янги бинода пойдевор ишлари поёнига етган ва ғишт теришга тайёр. Айтиш мумкинки, қурувчиларнинг шашти анчайин баланд: замонавий қиёфа касб этажак мактабни янги ўқув йили аввалида фойдаланишга топширишмоқчи.

Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.