Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
"Ташаббусли бюджет" самараси: Бордоннинг ички йўллари асфальтланди
2023-06-23 19:46:55 205
Бағдод туманида "Ташаббусли бюджет" асосида олиб борилаётган ишлар ҳудудларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатини, маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилашга хизмат қиляпти.
Мазкур лойиҳада ўз ташаббуслари билан фаол қатнашган маҳаллалардаги йўл, ичимлик сув, электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар ўз ижобий ечимини топмоқда.
“Бордон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам мазкур лойиҳанинг жорий йилги биринчи мавсумида фаол иштирок этиб, ўз ташаббусларининг ғолиблар қаторидан ўрин олишига эришди. Бу эса маҳалладаги баъзи ички йўлларнинг таъмирга муҳтожлиги, ёзда чанг, қишда лой бўлишидек аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммога ечим бўлди.
Маҳалла фаолларининг айни мақсад йўлида илгари сурилган ташаббуси 2 мингтадан зиёд овоз тўплади. Президентимиз қарори асосида ушбу ташаббусни амалга ошириш учун 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада эса, лойиҳа доирасида маҳалладаги 3,2 минг метрдан зиёд ички йўллар асфальтланди.
Аввалроқ, ушбу маҳалланинг 2 минг 500 метр узунликдаги ички йўллари Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги 408-сонли қарори асосида асфальтланган эди.
Мухтасар айтганда, бордонликлар жорий йилнинг шу кунига қадар ўз маҳаллаларидаги 5,7 минг метрли янги йўллардан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.