Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Янги Ўзбекистон манзаралари: ЗАМОНАВИЙ УЙЛАРДА ЯШАШ ЗАВҚИ
2023-07-17 18:03:17 212
Кўплаб соҳаларда бўлгани каби кейинги йилларда юртимизда қурилиш борасида ҳам катта юксалиш даври бўлди, десак ҳеч қандай муболаға бўлмас. Нафақат шаҳарларимизда, балки, чекка қишлоқ ҳудудларида ҳам Янги Ўзбекистон тимсоли сифатида қад кўтарган замонавий турар жойларнинг бунёд этилиши аҳолининг яшаш тарзида янги даврни бошлаб берди.
Президентимиз ташаббуслари билан 2021 йилда Бағдод туманининг дашт ҳудудида қисқа фурсатда 66 та кўп қаватли уйлардан иборат кичик шаҳарча қад ростлади. Мазкур шаҳарчада истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилсангиз, улар мамнуният билан ҳеч бир шаҳарлардан қолишмайдиган шароитларда яшаётганликларини айтишади.
– Фарзандларимдан бири - Тўлқинжон Қодиров оиласи билан шу жойда яшайди, – дейди меҳнат фахрийси Лолахон Қодирова. – Кўп вақтим шу ерда ўтади. 4 набирамнинг тарбиясига ёрдамлашаман. Уларнинг баркамол бўлиб вояга етишлари учун ушбу кичик шаҳарчада барча шароитлар, жумладан, боғча, мактаб, спорт майдончалари мавжуд. Фарзанд ва набираларим шундай қулайликларга эга турар жойда яшаётганликларидан кўнглим тўқ. Бу хайрли ишларнинг ташаббускори бўлаётган, инсон қадрини ҳамма нарсадан устувор қўяётган Президентимизга раҳмат.
– Мактабгача таълим ташкилотимиз замонавий лойиҳа асосида қурилгани боис, машғулотларни кўнгилдагидек ўтказиш имкониятига эгамиз, – дейди 58-давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Манзурахон Мадаминова. – Масканимиз 180 ўринли бўлиб, айни кунда 6 та гуруҳга шунча болани қамраб олганмиз. Бизда таълим ва тарбия ишларини яхши олиб бориш имконияти бўлгани учун яна 180 нафардан зиёд болаларнинг ота-оналари навбатда туришибди. Айни кунларда уларнинг талаб-истаклари асосида яна бир гуруҳ очиш арафасида турибмиз.
– Яқин 30 йил давомида Бағдоддаги мебель фабрикасида ишлаб, пенсияга чиқдим, – дейди яна бир меҳнат фахрийси Любовь Тожиева. – Бағдод қишлоғидаги эски услубда бундан 60-70 йиллар илгари қурилган, маънан эскирган ҳовлида яшардик. Фарзандларим яшаш учун барча қулайликлар мавжуд бўлган шу шаҳарчадан уй совға қилишди. Шароитлари катта шаҳарларникидан асло қолишмайди.
– Шаҳарчамиз фуқаролари ҳаётдан рози бўлиб яшаётганига ҳар куни гувоҳ бўламиз, – дейди “Гулистон” МФЙ раиси Фозилжон Халилов. – Ахир замонавий тиббиёт маскани, қатор аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи шохобчалар, савдо дўконлари, боғча, мактаб, маданият саройи, кутубхона ва кундалик турмуш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилган масканда завқланиб яшашга нима етсин!
– Президентимиз ташаббуслари билан қад ростлаган кўп қаватли уйлар ҳудуди яқинида “Мурувват” саноат зонаси ташкил этилгани ҳамда 33 гектар ерда иссиқхона барпо этилиб, шаҳарча аҳолисига 5-10 сотихдан бўлиб берилгани аҳолимиз бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди ҳоким ёрдамчиси Сардорбек Раҳматов. – Бу борада катта режаларимиз бор. Туман ҳокимлиги, секторимиз раҳбари билан ҳамкорликда ҳудудимиздаги ҳар бир хонадон эгасини муносиб иш жойи билан таъминлаш бўйича қилаётган ҳаракатларимизни янада кучайтирамиз.
“Бағдод тажрибаси” сифатида барпо этилиб, мамлакатимиз миқёсида кенг оммалаштирилган замонавий шаҳарчада 6 минг нафардан зиёд аҳоли завқланиб яшаяпти. Равон ва кенг йўллар, янгидан тортилган электр тизими, ичимлик суви, табиий газ ва бошқа қулайликлар “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” тамойили амалда эканлиининг ёрқин ифодасидир.
(фото: Муқимжон Қодиров, ЎзА)
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.