Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодда ижтимоий ташаббус асосида кўп қаватли уй қурилмоқда
2023-08-14 16:35:51 219
Бағдод туманининг Гулистон шаҳарчасида 120 квартирали кўп қаватли уй қад ростламоқда. Туман бош имом-хатиби Соҳибжон Аҳмедов бошчилигидаги бир гуруҳ саховатпеша инсонлар ташаббуси билан бошланган бу эзгу саъй-ҳаракат диндош биродарларни янада бирлаштирди. Хайрли юмушга моддий-маънавий ҳисса қўшмоқчи бўлган, ҳашарда жидду жаҳд билан иштирок этаётган савобталаблар бисёр...
Туман ҳокими Юсуфжон Хусаинов қурилиш майдонида бўлиб, ташаббускорлар ва ҳашарчилар билан суҳбатлашди, қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди.
Маълум қилинишича, келгусида мазкур лойиҳага кўра, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 120 та оила бу ерга жойлаштирилади. Талабгорларни саралаш ва аниқлаш билан эса алоҳида ҳайъат шуғулланади – холислик ҳамда шаффофликни таъминлаш учун.
Таъкидлаш керакки, туманда оғир ижтимоий вазиятдаги оилалар, етим-есирлар ҳамда ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий ташаббус асосида – хайр-саховат маблағлари ва ҳашар йўли билан қурилган уй-жойлар билан таъминлашдек ноёб анъана шаклланган. Бунгача, “Саккиз жаннат эшиги”, “Инсон қадри учун” ҳамда “Яхши қўшни” деб номланган ижтимоий лойиҳалар асосида туманнинг “Меҳнатобод”, “Мурувват” ва “Чуваланчи” маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 23 та уй қурилиб, муносиб оилаларга топширилган. Бундан ташқари, ўтган 2 йил давомида 143 та ҳовли-жой янгидан қурилган ва таъмирланган.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.