Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Мозортолда электр таъминотини яхшилаш бўйича амалий ишлар бошланди
2023-08-21 18:57:20 217
Бағдод туманининг “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Мозортол қишлоғида электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги илк босқичига киритилган таклиф 2 мингтадан кўпроқ овоз тўплаб, якунда ғолиб деб топилган эди. Таклифда, электр таъминотини яхшилаш учун қишлоқ ҳудудига 4 та янги трансформатор, 250 та темир-бетон таянч ва 200 дона кўча чироқлари ўрнатиш ҳамда 4 км. узунликда сип-кабелли тармоқ тортиш кўзда тутилган эди.
Лойиҳага мувофиқ, туман электр таъминоти корхонаси ишчи-ходимлари айни манзилда темир-бетон таянчларни ўрнатишни бошладилар ва ўтган 2 кун давомида эски ва яроқсиз ҳолдаги 72 дона ёғоч конструкцияли таянч янгисига алмаштирилди. Шунингдек, Истиқлол, Тинчлик, Навбаҳор ва Мустақиллик кўчаларида қуввати 160 кВА бўлган 4 та янги трансформатор ҳамда жами 200 дона кўча чироқлари ўрнатилади. 4 минг метр узунликда тармоқ тортилиб, лойиҳадаги барча ишлар якунлангач эса, барча аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларида электр таъминоти билан боғлиқ муаммо узил-кесил ҳал этилади.
Таъкидланишича, аҳолида “Ташаббусли бюджет”га бўлган ишонч қатъийлашиб, 2-мавсумда бирданига 3 та таклиф илгари сурилди. Овоз тўплаш жараёнида ушбу таклифлар ҳам ғолиб топилса, маҳаллада инфратузилма билан боғлиқ муаммолар ечим топиб, аҳоли турмуши янада фаровон бўлади.
Туманда қишлоқ ва маҳаллалар инфратузилмаси билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган ишлар қизғин давом этмоқда. Бинобарин, “Ташаббусли бюджет” асосида амалга оширилаётган салмоқли ишлар юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам янги ўзгаришларга сабаб бўлаётир.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.