Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ташаббусли бюджет” самараси: қишлоқ врачлик пункти замонавий кўриниш олади
2023-08-23 18:58:33 174
Бағдод туманининг “Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Ҳазиний” қишлоқ врачлик пункти 1953 йилда қурилган бинода фаолият юритиб келади. Дастлаб бошқа мақсадларда фойдаланилган бинода ўтган йиллар давомида бирор марта мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган эмас. Ҳаттоки, шамоллатиш тизими йўқ бу бинонинг: ёзда иссиқ, қишда совуқ. Лекин шу ҳолатда ҳам теварак-атрофдаги 3 та – “Миришкор”, “Хўжақишлоқ” ва “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғинлари яшовчи 11 минг 600 нафардан зиёд аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиб келинди ушбу масканда.
“Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги илк мавсумида мазкур ҚВП биносини таъмирлаш ва замонавий қиёфага келтиришни назарда тутувчи лойиҳа ғолиб деб топилиб, кўзланган мақсадни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 1,2 млрд. сўм маблағ ажратилди. Ҳозирда бу ерда “Универсал проект сервис” масъулияти чекланган жамияти уста-қурувчилари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари қизғин давом этаётир.
- Лойиҳага кўра, бинонинг эшик-ромлари алмаштирилади, пол, шифт ва том қисмлари янгиланади, - дейди биз билан суҳбатда МЧЖ иш юритувчиси Муҳамматқодир Маматғозиев. – Шунингдек, илгари бўлмаган оқава сув тармоғи барпо этилади, янги ҳожатхона ва коммуникация чуқури қурилади. 800 м2 майдонни асфальтлаш, 36 метр узунликдаги ариққа лоток ётқизиш, янги дарвоза ўрнатиш ҳамда қўшимча ободонлаштириш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Сентябрь ойи ниҳоясида объектни фойдаланишга топширишни мақсад қилганмиз.
Қишлоқ врачлик пункти мудири Пўлатжон Рустамовнинг маълум қилишича, айни пайтда ҳудуддаги бўш бинода аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. ҚВП биносининг замонавий кўриниш олиши эса кўрсатилаётган хизматлар сифатининг яхшиланиши, бир сўз билан айтганда, тиббиётни халққа янада яқинлаштириш имконини беради.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.