Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
"Билимлар куни"да Бағдод туманида 660 ўринли 3 та янги мактаб фойдаланишга топширилди
2023-09-04 17:33:53 213
Бугун Бағдод туманининг "Дўрманча", "Бедарак" маҳалла фуқаролар йиғинлари ва "Чўлюнус" маҳалласи таркибидаги Муллавали қишлоғида 59-, 60- ҳамда 61-сонли янги мактаблар ўқувчиларни ўз бағрига олди. "Билимлар куни"да фойдаланишга топширилган янги зиё масканлари жами 660 ўқувчи ўрнига эга.
Олис қишлоқлар аҳолиси учун муносиб байрам совғаси бўлган ушбу мактабларнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкилланган тадбирларда мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Адҳамжон Хонкелдиев, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, нуронийлар, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди. Таъкидландики, мазкур мактабларда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, ахборот технологиялари, замонавий тиллар ва зарур касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириш имконияти мавжуд.
- Бизнинг мактабда 3-сектор раҳбарининг (туман ИИБ бошлиғи Ф.Хайитов - изоҳ бизники) ташаббуси билан йўл қоидалари ва ҳаракат хавфсизлигини ўргатишга мўлжалланган алоҳида ўқув хонаси ҳам ташкил этилди, керакли жиҳозлар билан таъминланди, - дейди 61-умумий ўрта таълим мактаби директори Шарифжон Ураимов. - Дарҳақиқат, бу қишлоққа мактаб жуда зарур эди. Ўқувчилар ҳудуддаги энг яқин мактабга бориш учун 2-3 чақирим йўл босишларига тўғри келарди. Президентимизга минг раҳмат, мана, энг чекка қишлоқда замонавий мактаб қурилди, минглаб аҳолининг неча йиллик орзу-истаклари амалга ошди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, айни кунларда тумандаги 31- ҳамда 38-умумий ўрта таълим мактабларида жами 660 ўринли қўшимча ўқув бинолари барпо этилмоқда ва уларни Ўқитувчилар ва мураббийлар кунида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Шунингдек, Болғоли қишлоғида ҳашар йўли билан яна бир мактаб биноси қурилиши охирламоқдаки, келгусида бу масканда 330 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.