Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Чўлюнусда аҳоли мурожаатлари босқичма-босқич ҳал этилмоқда
2023-09-13 17:54:00 260
Бағдод туманида қишлоқ ва маҳаллалар инфратузилмаси билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган ишлар қизғин давом этмоқда. Тегишли давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган бу каби салмоқли ишлар юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам янги ўзгаришларга сабаб бўлаётир.
Туманнинг чекка ҳудудларидан бири – Чўлюнус қишлоғида инфратузилма билан боғлиқ талайгина муаммолар тўпланиб қолган, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига, давомли мурожаатларига сабаб бўлаётган эди. Алоҳида дастур асосида ҳамда маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобига айни муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда.
Жумладан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қишлоқда янги тик қудуқ қазиб чиқарилди, 3 минг метрга яқин узунликда тармоқ тортилди. Яқин кунларда сув минораси ҳамда трансформатор ўрнатилгач, 250 дан зиёд хонадонга илк марта обиҳаёт кириб боради.
Фаоллардан бири Баҳромжон ака Аҳмедовнинг айтишича, қишлоқда электр таъминоти ҳам анчайин муаммоли эди. Аҳоли вакилларининг туман ҳокимига қилган мурожаатидан кейин 160 кВа ли янги трансформатор ҳамда 10 та темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, 800 метр узунликда янги тармоқ тортилди.
Бўлаётган бу ўзгаришлардан руҳланган чўлюнусликлар янги-янги ташаббуслар билан чиқишмоқда: аввалроқ ўз маблағлари ҳисобидан 160 кВа ли янги трансформатор ва 200 га яқин кўча чироқларини ўрнатишган бўлса, энди ички йўлларни тартибга келтиришни бошладилар. Айни кунларда Абу Наср Фаробий кўчасига шағал ётқизилиб, асфальтлашга тайёрланмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.