Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Қаҳат” маҳалласида ичимлик сув исрофига чек қўйилади
2023-09-18 18:07:22 286
Ижтимоий тармоқларда “Исроф бўлаётган сув ёхуд қаҳатдан қўрқмайдиган қаҳатликлар” сарлавҳаси билан тарқалган видео-мақолада кўрсатиб ўтилган муаммолар Бағдод тумани ҳокимлиги, “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ туман филиали ҳамда 3-сектор мутасаддилари иштирокида манзилли ўрганилди. Ўрганиш хулосаларига кўра, қуйидагилар маълум қилинади:
“Қаҳат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 825 та аҳоли хонадонлари мавжуд бўлиб, бу хонадонларнинг атиги 57 тасида сув ҳисоблагич ўрнатилган, холос. Қолган 768 та хонадон марказлашган ичимлик суви таъминотига эга. Ҳудудда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 75 фоизни ташкил қилади.
Маҳаллада жами 6 дона ичимлик суви қудуғи мавжуд ва уларнинг барчаси ўз босими орқали (сув кўтариш насоси ўрнатилмаган) сув етказиб беради. Ҳудуддаги жами магистрал ичимлик суви тармоғи 14.6 километрни ташкил этади.
Видео-мақолада, маҳалла ҳудудида мавжуд қудуқлар ва кўча колонкалари орқали ичимлик суви оқиб, исроф бўлаётгани таъкидланган. “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ туман филиали чилангарлари томонидан бугуннинг ўзида ушбу камчиликлар тўлиқ бартараф этилди.
Қолаверса, филиал раҳбарининг тегишли буйруғига биноан, фуқаро Бобурмирзо Юнусалиев "Қаҳат" маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли инспектори лавозимига ишга қабул қилинди.
Бундан ташқари, 3-сектор раҳбари (туман ИИБ бошлиғи) Фахриддин Хайитов, туман ҳокими ўринбосари Акбаржон Тожиев ҳамда МФЙ раиси Абдулмуҳаммад Юсупов иштирокида, истеъмолчиларни тармоққа улаш ва хонадонларга сув ҳисоблагичлари ўрнатилишини таъминлаш орқали ҳозирда исрофгарчиликка сабаб бўлаётган жўмраксиз кўча колонкаларини тармоқдан узиш масаласи муҳокама қилинди. Бунда, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида, Давлат хизматлари марказининг маҳалладаги сайёр фаолиятини ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Шу орқали, 768 та хонадонга сув ҳисоблагичи ўрнатилади ва ичимлик суви ресурсларининг беҳуда исроф бўлишига чек қўйилади.
Маълумот учун: Бағдод тумани ҳудудида жами 302 дона ичимлик суви қудуқлари мавжуд. Туманнинг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77.5 фоизни ташкил этмоқда.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.