Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бағдодда журналистлар ҳамда блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ва пресс-тур ташкилланди
2023-09-28 18:38:55 836
Бағдод туманида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.
Матбуот анжуманида, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Саиджон Давлатов ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари - инвестиция, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Шерхон Камолдинов қатнашиб, мавзу бўйича батафсил маълумотлар беришди.
Таъкидландики, туманда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Зотан, тадбиркорлар ислоҳотчи бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим куч эканини барча яхши англамоқда. Юрт фаровонлигини таъминлашда айни соҳа вакилларининг ҳиссаси беқиёс.
- Туманда жами 41,3 га ер майдонида 9 та кичик саноат зонаси ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилган. Шу кунга қадар 138 та лотда умумий лойиҳа қиймати 127,8 млрд. сўм бўлган 92 та лойиҳа амалга оширилган ва 1 минг 319 та янги иш ўрни яратилган. Эътиборлиси, амалга оширилган лойиҳаларнинг 43 фоизи ёшларга тегишли бўлиб, ишга қабул қилинганларнинг 900 нафардан зиёдроғини айнан ёшлар ташкил қилмоқда, - деди Саиджон Давлатов.
Матбуот анжуманида, туман ҳокимининг ҳудудларда тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувлари чоғида кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечимлари, саноат зоналарида коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш орқали янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам алоҳида сўз юритилди.
Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари ва блогерларнинг мавзуга оид саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.
Шундан сўнг, янги инвестициявий лойиҳалар билан яқиндан танишиш мақсадида “Мурувват” кичик саноат зонасига пресс-тур ташкилланиб, иштирокчилар “DIMUX 777” хусусий корхонасининг қурилиш қўлқопи ва хўжалик совуни ишлаб чиқариш линиялари фаолияти билан танишдилар.
- Иккала цехда жами 30 кишининг бандлиги таъминланди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Шерхон Камолдинов. – Хўжалик совуни ишлаб чиқариш лойиҳаси, айниқса, тадбиркор учун жуда манфаатли бўлди. Сабаби, шу йил якунига қадар Литва давлатига 1 млн. АҚШ доллари қийматида маҳсулот етказиб бериш бўйича келишув мавжуд. Бундан ташқари, келгусида экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида МДҲ давлатларидаги ҳамкорлар билан доимий алоқалар ўрнатилган.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.