Ўзбекистон Молия вазирлиги Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, мустақил халқаро экспертлар ва халқаро аудиторлик компаниялари мутахассисларини жалб этган ҳолда тайёрланган Солиқ кодексининг Махсус қисмининг дастлабки нашрини муҳокама учун эълон қилди.
Ушбу лойиҳа президентнинг 29 июндаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини ҳисобга олган ҳолда тайёрланди. Унда қуйидагилар кўзда тутилган:
- барча тадбиркорлик субъектлари учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни жорий этиш;
- йиллик айланмаси (даромади) 1 млрд сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш имкониятини белгилаш;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини жорий этиш ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш;
- давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан (ялпи тушумидан) ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш ва бошқалар.
Солиқ кодексининг Умумий қисми устида олиб борилаётган ишлар якунланиш арафасида ва 1 декабргача қўшилган қиймат солиғи бўйича бўлим эълон қилинади.
СКнинг Махсус қисмининг эълон қилиниши Ўзаро алоқадор шахсларга солиқ солиш масаласини ишлаб чиқиш зарурлиги билан боғлиқ. Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият жадаллашиши шароитида бундай битимлар сони ортиб бораётганлиги боис бу алоҳида эътиборни талаб қилади.
Умумий қисмда трансферт нарх белгилаш масалалари, жумладан, назорат қилувчи хорижий компаниялар ва ўзаро алоқадор шахсларни белгилаш, «нозик капиталлаштириш» қоидалари ва қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларга солиқ солиш хусусиятларини акс эттириш режалаштирилмоқда. Трансферт нарх белгилаш бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди.
Солиқ кодексининг янги Умумий қисми асосида Махсус қисмнинг айрим бобларига, айниқса трансферт нарх белгилаш ва назорат қилувчи хорижий компаниялар қисмида қўшимча ишлов берилади.