«Бизнинг устувор вазифамиз инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш, унинг асосий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат. Бу жамиятда тинчлик ва барқарорлик, фаровон ҳаётни таъминлашнинг асосий шартидир», — деди давлат раҳбари.
Президент 70 йил аввал қабул қилинган Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бутун дунёда демократия ва инсонпарварлик тамойилларини қарор топтириш борасида янги имкониятлар очганини таъкидлаб ўтди. «Афсуски, бугунги кунда биз барчамиз ана шу ижобий жараёнга тўсқинлик қилаётган мураккаб ва зиддиятли тенденциялар кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз», — деди у.
«Бу ўринда жаҳонда, жумладан, Жануби-Шарқий Осиёдан тортиб Яқин Шарққача бўлган маконда қуролли тўқнашувлар кучайиб, ўзаро ишончсизлик ва низолар, миллатлар ва конфессиялараро ихтилофлар чуқурлашиб бораётгани, барқарор тараққиётга қарши бошқа глобал таҳдид ва хатарлар ҳақида сўз бормоқда», — дея давом эттирди президент.
«Иложсиз ҳолда ўз юртини ташлаб кетаётган кишилар ва қочқинлар сони тобора ортиб бораётгани, таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти йўқлиги, одам савдоси ва мажбурий меҳнат, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, қашшоқлик ва очликка барҳам бериш зарурати билан боғлиқ муаммолар мураккаблашиб бораётганига четдан томошабин бўлиб қараб туролмаймиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шу маънода, президентнинг қатъий ишонч билдиришича, жами 4,5 миллиарддан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Осиё минтақасининг келажаги кўп жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга тайёр бўлишга, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали минтақавий механизмни шакллантиришга боғлиқ.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми илк бор ўтказилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев май ойида АҚШга ташрифи чоғида Самарқандда мазкур тадбирни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.