1951 йилда ташкил этилган Миграция бўйича халқаро ташкилот миграция соҳасида етакчи ҳукуматлараро муассаса ҳисобланади, ҳукумат, ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
МХТ фаолияти миграцияни регулировкалаш чора-тадбирларини тартибга солиш ва гуманизациялаш, миграция соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, миграция муаммоларининг амалий ечимларини излашда кўмак бериш ҳамда мигрантларга, шу жумладан қочоқлар ва ички кўчувчиларга гуманитар ёрдам беришга йўналтирилган. МХТ Уставида қайд этилишича, миграция жараёнлари иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожланиш, шунингдек инсонларнинг ҳаракатланиш эркинлигига доир ҳуқуқи билан боғлиқ.
Ўзбекистоннинг МХТга аъзо бўлиш масаласи Ўзбекистон ҳукуматининг расмий талабига биноан кенгаш сессияси кун тартибига киритилган эди. Ташкилот Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг одам савдоси қурбонлари ва ёрдамга муҳтож мигрантларига тўғридан-тўғри кўмак бера бошлаган 2003 йилдан буён Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади.
МХТ ташаббусига кўра мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форумида қабул қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясига киритилган. Ҳужжат матнида шундай дейилади: «Давлатлар барча мигрантларнинг, уларнинг миграция мақомидан қатъи назар, Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, муҳофаза этилиши ва амалга оширилишини таъминлашга интилишлари шарт».