Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан қабул қилинган фармон ва Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, 136 нафар фуқаро афв этилди.
Уларнинг 30 нафари жазони ўташдан тўлиқ, 26 нафари — муддатидан олдин шартли равишда жазони ўташдан озод қилинди. 42 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазо чораси енгиллаштирилди, 38 кишининг жазо муддати қисқартирилади.
Афв қилинганлар орасида 6 нафар 60 ёшдан ошганлар, 2 нафар чет эл фуқароси, 3 аёл ва 61 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган шахслар мавжуд.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда илк бор афв этиш институтидан фойдаланди. 2017 йилда у 2700 кишини, жорий йил Рамазон ҳайити ва Мустақиллик куни арафасида эса у мос равишда 226 ва 261 кишини афв этди. Эндиликда улар сони 3323 нафарга етди.
Президент жума куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Конституцияси кунига бағишланган тадбирда жазони ижро этиш жойларидан жазони ўтаётган шахслар ҳуқуқларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, маҳкум шахсларнинг келгусида ижтимоий ҳаётга мослашуви учун кўмак бериш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида масофадан туриб таълим олиш тизимини жорий этиш лозим.
«Бу ҳам катта муаммо. У ҳам одам, у ҳам конституцион ҳуқуқларга эга. Келинг, амалиёт тўғри жорий этилган хориж мамлакатлари тажрибаларини ўрганайлик ва уни ўзимизда ҳам жорий этишга уриниб кўрайлик», — деди давлат раҳбари.