Алоқанинг махфийлиги, тезкорлиги, хавфсизлиги ва телекоммуникация хизматларига сарфланадиган бюджет маблағларининг тежалишини таъминлайдиган ҳукумат мобил алоқаси тизими жорий этилади. Бу Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармонида кўзда тутилган, дея хабар қилди Адлия вазирлиги «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида.
Ушбу тизим 2019 йил 1 апрелдан бошлаб давлат органлари, ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун ўз хизмат вазифаларини бажаришда фойдаланиш мажбурий этиб белгиланди.
Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирилигига «Электрон ҳукумат» тизими доирасида амалга оширилаётган ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва молиялаштирилишини тўхтатиш ҳамда уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси топширилди.
Бундан ташқари, ахборот тизимлари, ресурслари ҳамда дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича лойиҳалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Агентликда экспертизадан ўтказилиши шартлиги белгиланди.