Президент Шавкат Мирзиёев Қаршида ташкил этилган «Ватанпарварлар» боғига ташриф буюрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мазкур мажмуа президентнинг вилоятга аввалги сафари чоғидаги топшириғи асосида ҳарбий-ватанпарварлик руҳида реконструкция қилинди.

7 гектар майдон ободонлаштирилиб, музей ва блиндаж қурилди, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ўзбекистонликлар хотираси абадийлаштирилди. Музей атрофида тарихий ҳарбий техникалар жойлаштирилган.

Боғ марказида Ўзбекистон харитасининг улкан макети барпо этилган. Унда ҳар бир ҳудуднинг буюк сиймолари, қадимий обидалари, сервиқор тоғлари, бепоён кенгликларигача акс эттирилган.

Буларнинг барчаси ёшларнинг тарих ҳақидаги билимларини ошириб, мамлакатимиздан, аждодларимиздан, миллий армиямиздан ғурурланиш туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.

Боғдаги сунъий кўл, амфитеатр, ўқ отиш ва қояга чиқиш жойлари ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Президент боғдаги шароитларни кўздан кечирди, таълим муассасаларидаги «Жасорат» гуруҳлари аъзолари билан суҳбатлашди.

«Бундай масканлар ёшларга халқимиз тарихи, маънавияти ва маданияти ҳақида яққол таассурот беради. Энди бундан самарали фойдаланиш, бу ерга ёшларни кўпроқ олиб келиб, очиқ дарслар ўтказиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссасини ёшларга етказиш, тинчлик-осойишталигимиз учун катта хизматлар қилган ватандошларимиз ҳақида сўзлаб бериш зарурлиги таъкидланди.

Фото