«Солиқ юкини пасайтириш ҳисобига барча учун ягона адолатли солиқ тизимини яратиш лозим. Биз босқичма-босқич солиқ имтиёзларидан воз кечишимиз керак, чунки солиқ имтиёзларининг тақдим этилиши рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда, буни тадбиркорларнинг ўзлари ҳам тан олмоқда. Барча баробар бўлиши керак. Бозор раҳмсиз, бироқ барча учун тенг имкониятлар бўлиши лозим. Ўшанда биз рақобатбардош, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқара оламиз», — деди давлат раҳбари.
Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда йўл харитасини ишлаб чиқиш топширилди. «Бизда барчаси тайёр, лекин шошмаслигимиз керак. Нима учун икки ой берилмоқда? Жумладан чет эллик шериклардан таклифлар келиб тушиши мумкин», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев солиқ юкини камайтириш, тадбиркорлар ва инвесторларнинг бизнес юритишлари учун янада қулай шароитлар яратиш, «яширин» иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўли эканини таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбари эндиликда қонуншунослар тўғридан-тўғри амал қилинувчи қонунларни ишлаб чиқишлари лозимлигини қайд этди. «Қонун қабул қилинади, сўнгра қонуности актлари ва яна 20 та ҳужжат қабул қилинади», — деди президент.