Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси
2019-01-07 08:45:55 1640
Ҳурматли сенатор ва депутатлар!
Қадрли юртдошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасини баён этишга рухсат бергайсиз.
Бугун биз шиддат билан ўзгариб бораётган замонда яшамоқдамиз. Дунё миқёсида манфаатлар кураши, рақобат тобора авж олиб, халқаро вазият кескинлашиб бормоқда.
Биз келгуси йил учун амалий режалар тузар эканмиз, халқаро майдондаги ана шундай мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, тараққиётимизнинг устувор йўналишларини аниқ-равшан белгилаб олишимиз зарур.
Азиз дўстлар!
Биз ҳар бир йилга эзгу ният билан ном берамиз ва ўз олдимизга улкан марраларни қўямиз.
Буюк Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадис билан бошланишида албатта жуда чуқур маъно бор.
Биз 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном бериб, Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳани амалга оширганимиз ўтган йили яхши ният билан бошлаган ишларимизнинг натижасини кўрсатиб турибди.
Саноат, қишлоқ хўжалиги, капитал қурилиш, транспорт-коммуникация, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларида салмоқли ютуқлар қўлга киритилди.
Айниқса, ҳар қачонгидан ҳам оғир бўлган бу йилги мавсумда миришкор деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнат қилганларини алоҳида таъкидлашни истардим.
Аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида жорий йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори ўтган йилларга нисбатан сезиларли равишда оширилди.
Хусусан, педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи марта 50 фоизгача кўпайтирилди.
Кўрилган чора-тадбирлар туфайли, аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди.
“Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 минг 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалари амалга оширилди.
Бу йилдан бошлаб, солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилди.
Бу, ўтган йилга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан эса – шунга эътибор беришингизни сўрайман – 32 баробар кўпдир.
Ҳурматли юртдошлар!
Якунига етиб бораётган йил барчамиз учун муқаддас Ватан тимсоли бўлган қишлоқларимиз, маҳаллаларимизни обод қилиш бўйича улкан ишлар бошланган йил бўлди.
Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари халқимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Жорий йилда бу борадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди.
Натижада 416 та қишлоқ янгича қиёфага эга бўлди.
Ўтаётган йилда ҳаётимизнинг бошқа соҳаларида, жумладан, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш йўлида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Айниқса, юртимиз ёшлари Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ва Пара-Осиё ўйинларида, Аргентинада ўтказилган ўсмирлар Олимпиадасида юқори ўринларни олгани барчамизни қувонтирди.
Ҳурматли парламент аъзолари!
Халқаро муносабатларда очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат олиб борилаётгани туфайли ишончли ҳамкор сифатида мамлакатимизнинг халқаро обрўси тобора ортиб бормоқда.
Барча қўшниларимиз билан дўстона ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш бизнинг асосий вазифаларимиздан бирига айланди.
2018 йилда 18 та давлатлараро расмий ташрифлар амалга оширилди ва 52 миллиард долларлик 1 минг 80 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилди.
Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом ва Осиё тараққиёт банклари, бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги инвестициялар ҳажми 8,5 миллиард долларни ташкил этди.
Бугунги кунда юртимизда, чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард долларлик 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Халқаро ва минтақавий хавфсизликка таҳдидлар тобора кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, биз янги Мудофаа доктринасини қабул қилдик.
Қуролли Кучлар таркибидаги барча қўшин турларининг тузилма ва вазифалари қайта кўриб чиқилди.
Армия ва халқ бирлигини таъминлаш мақсадида, барча ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди.
Албатта, йил мобайнида амалга оширган ишларимиз рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Лекин бундай мисолларни келтириш, қайд этишдан мақсад – кўкракка уриб мақтаниш эмас. Биз бундан мутлақо йироқмиз. Бизнинг мақсадимиз – ўтган бир йиллик тараққиёт йўлимизни холисона ва танқидий баҳолашдан иборат.
Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган, барча қийинчилик ва синовларни мардона енгиб, ўзининг фидокорона меҳнати билан жонажон Ватанимиз равнақига улкан ҳисса қўшаётган олижаноб халқимизга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.
Муҳтарам анжуман иштирокчилари!
Яна саноқли кунлардан кейин юртимизга янги – 2019 йил кириб келади. Янги йил арафасида анъанамизга кўра 2019 йилга қандай ном бериш тўғрисида бугун сизлар билан маслаҳатлашиб, бир қарорга келсак, айни муддао бўлади.
Албатта, биз бу ҳақда кўп ўйладик. Жойларда халқ билан мулоқотлар давомида ва мурожаатларда билдирилган фикрлар, таклиф-мулоҳазаларни атрофлича кўриб чиқдик.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган.
Шу сабабли ҳам инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди.
Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади.
Шу ўринда бир савол туғилади: инвестиция деймиз, ислоҳотлар деймиз, модернизация, деймиз.
Лекин бу ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад нима ўзи?
Юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши – бизнинг бош мақсадимиздир.
Бу йўналишда олдимизда улкан вазифалар турибди. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги биринчи навбатда ижтимоий соҳадаги ислоҳотларимиз самараси билан чамбарчас боғлиқ.
Ёшларимизга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқаришимиз керак. Шу мақсадда, мактабгача таълим тизимини ривожлантиришимиз, ўрта ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини, илмий ва ўқув жараёнлари сифатини тубдан яхшилашимиз керак.
Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, биз учун ҳаётий муҳим масаладир. Такрор айтаман, тинчлик ва соғликни таъминласак, қолган ҳамма нарсага эришамиз.
Ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, албатта, устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Келгуси йилда тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, пенсия таъминотини яхшилаш бўйича ҳам кўп ишлар қилишимиз лозим.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, 2018 йилда бошлаган ишларимизни мантиқий давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадида, мен кириб келаётган янги – 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном беришни таклиф этаман.
Азиз дўстлар!
Йилга бундай ном берганимиз барчамизга жуда катта вазифалар ва масъулият юклайди. Инвестицияларни қандай қилиб кўпайтирамиз, ижтимоий муаммоларни қандай ҳал қиламиз, деган саволлар олдимизда кўндаланг бўлиб турибди.
“Ойнаи жаҳон” орқали бизни кузатиб турган халқимиз ана шу саволларга биздан жавоб кутишга тўла ҳақли.
Бу вазифаларни ҳал қилишга бугундан бошлаб киришмасак, бор куч ва имкониятларимизни шу йўлда сафарбар этмасак, кўзлаган мақсадга, маррага эришиш қийин бўлади.
Ҳар бир раҳбар – у вазир ёки марказий идора бошлиғи бўладими, депутат ёки сенатор бўладими, компания ёки хўжалик бирлашмаси раиси, вилоят ёки туман ҳокими бўладими – барча-барчамиз бу ишни энг биринчи вазифамиз, деб билишимиз зарур.
Биз фақат инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришга эришамиз.
Иқтисодиётдаги ижобий натижалар эса ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш имконини яратади.
Буни ҳаммамиз чуқур тушуниб олишимиз ва ишимизни шу асосда ташкил этишимиз шарт.
Қадрли юртдошлар!
Иқтисодиёт соҳасида олдимизда турган вазифалар ҳақида гапирганда, аввало кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар негизида қуйидаги мақсадлар мужассам эканини қайд этиш лозим:
– очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш учун зарур шароитларни яратиш;
– иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш;
– иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш орқали юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш;
– “яширин” иқтисодиётга қарши курашиш, унинг ҳажмини кескин қисқартириш;
– валютани эркинлаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, барқарор монетар сиёсатни амалга ошириш;
– иқтисодиётни ривожлантиришга доир стратегик вазифаларни рўёбга чиқаришга қодир малакали кадрларни тайёрлаш.
Бу мақсадларга эришиш учун қуйидаги устувор вазифаларни амалга ошириш талаб этилади.
Биринчидан, биз макроиқтисодий барқарорликни ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашимиз шарт.
Аввало, инфляцияни жиловламасдан туриб, макроиқтисодий барқарорликка эришиш мумкин эмас.
Жаҳон тажрибасини пухта ўрганиб, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда, монетар сиёсатни такомиллаштириш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш концепциясини ишлаб чиқишимиз зарур.
Ўтиш даврида иқтисодиёт соҳасида статистик ҳисоботларни тўғри юритиш ва давлатнинг иқтисодий салоҳиятини аниқ баҳолаш жуда муҳимдир.
Шу орқали ялпи ички маҳсулотни холисона баҳолашга эришиш мумкин.
Шу мақсадда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро валюта фондининг Миллий ҳисоблар тизимини республикамизда 2020 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ жорий этишимиз лозим.
Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, биринчи навбатда, етакчи соҳалар ривожига бевосита боғлиқдир.
Қайси соҳада юқори қийматга эга маҳсулот яратилса, биз ана шу соҳани биринчи навбатда қўллаб-қувватлаймиз.
Шунинг учун иқтисодиёт ривожига жиддий туртки берадиган соҳаларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишимиз лозим.
Вазирлар Маҳкамаси мамлакатни 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб, халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилишни келгуси йил 1 апрелгача якунласин.
Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Бюджет ҳисобидан маблағ ажратиладиган ҳар қандай дастур ёки лойиҳанинг сифат ва миқдор кўрсаткичларидан иборат, натижага йўналтирилган индикаторлари бўлиши керак.
Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ушбу вазифаларни амалга ошириш юзасидан таклиф киритиш топширилади.
Келгуси йил учун Давлат бюджети дефицити 4,5 триллион сўм атрофида бўлиши ва ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,1 фоиз бўлиши режалаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси ҳозирдан бошлаб қўшимча имконият ва манбалар ҳисобидан бюджет даромадларини кўпайтириш, шу орқали кутилаётган дефицитни камайтириш юзасидан аниқ чоралар кўрсин.
Шунингдек, бир ой муддатда ташқи бозордаги ўзгаришларнинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш лозим.
Иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқишимиз керак. Шу асосда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ҳаётга татбиқ этишимиз зарур.
Рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради. Нуфузли халқаро ташкилотлар ўтказган таҳлиллар ҳам буни тасдиқламоқда.
Шунинг учун Ҳукуматга икки ой муддатда рақамли иқтисодиётга ўтиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилади. Бу борада ахборот хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Иккинчидан, иқтисодиётимиз ривожининг муҳим шарти бўлган фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттирамиз.
2019 йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.
Бу борада тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори жорий йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар оширилиб, 4,2 миллиард долларга етказилади. Натижада 142 та замонавий корхона ишга туширилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаси жаҳондаги етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Масалан, дунёдаги нуфузли “Fitch Ratings” ва “Standart & Poo’rs” рейтинг агентликлари биринчи марта мамлакатимизнинг халқаро суверен кредит рейтингини белгилади.
Ана шу рейтинг баҳолари “Барқарор” прогнозига эга бўлиб, бу яқин 12-18 ой давомида ушбу кўрсаткичнинг пасайиш эҳтимоли камлигини билдиради.
Ўзбекистон эришаётган бундай рейтинг баҳолари кўпгина ривожланаётган давлатларга нисбатан юқори эканини қайд этиш лозим.
Ушбу рейтинг агентликлари Ўзбекистонда валюта, савдо ва нарх сиёсати эркинлашгани, давлат бошқарувидаги институционал ўзгаришлар, мамлакат олтин-валюта ва бюджет захираси етарли экани, давлат қарзининг камлиги сингари омилларга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Келгуси йилнинг биринчи чорагида юртимиз тарихида илк марта Ўзбекистоннинг суверен давлат облигацияларини халқаро молия бозорларига чиқарамиз.
Бу борада биз “J.P.Morgan”, “Citibank”, “Deutsche Bank” каби етакчи халқаро инвестиция банклари билан ҳамкорлик олиб бормоқдамиз.
Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун мамлакатимизнинг инвестиция салоҳиятини тўла намоён этиш чораларини кўришимиз керак.
Биз иқтисодиётимизга сармоя киритишга интиладиган инвесторлар учун ҳудудлар ва тармоқлар бўйича инвестиция лойиҳаларини пухта шакллантира олсак, бу масалада ижобий натижага эришиш мумкин.
Бу борада эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш лозим.
Биринчи навбатда, экспортга маҳсулот чиқараётган, инновацион ва юқори технологик ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларга ва чет эллик инвесторларга шундай имконият яратиш керак.
Шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда аниқ комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, жумладан, мамлакатимизни Глобал рақобатбардошлик рейтингига киритиш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш топширилади.
Учинчидан, банк ва молия тизимида ислоҳотларни жадал давом эттириш, соҳага замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш зарур.
Бугунги кунда банк тизимидаги энг асосий муаммо – улар капиталининг асосий қисми, яъни, 83 фоизи давлатга тегишли эканидир. Бу, ўз навбатида, банк секторида соғлом рақобатга тўсиқ бўлиб, хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир қилмоқда.
Ҳукумат ва Марказий банк халқаро молия институтлари кўмагида банк-молия тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиши лозим.
Бунда банк тизимига хусусий ва хорижий капитал кириб келиши ҳисобидан биз давлат банклари улушини босқичма-босқич камайтириб борамиз. Бу эса соҳада рақобат муҳитини яхшилашга, тижорат банклари фаолиятини, кредитлаш сифати ва маданиятини ҳар томонлама оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, молия бозорлари, жумладан, фонд бозорини ривожлантириш ҳам янги иқтисодий шароитда асосий мақсадларимиздан бири бўлиши керак.
Янги молиявий инструментларни жорий этиш ва облигациялар чиқариш орқали,банк хизматлари кўламини янада кенгайтириш, илғор ахборот технологиялари асосида банк тизимини ривожлантириш зарур.
Инвесторлар мамлакатимизда ўзини имкон қадар эркин ҳис қилишлари учун валюта бозорини янада эркинлаштириш талаб этилади.
Тўртинчидан, фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши керак.
2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин.
Афсуски, ялпи ички маҳсулотда “яширин” иқтисодиётнинг улуши катта бўлиб, бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш “яширин” иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўлидир. Шунинг учун бу борада таъсирчан чораларни назарда тутадиган алоҳида дастур ишлаб чиқишимиз зарур.
Бундан ташқари, ўзимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинаётган юқори ликвидли маҳсулотлар маркировкасини жорий этиш бўйича жадал иш олиб бориш талаб этилади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритадиганларни эса жазолаш кўзда тутилиши шарт.
Маълумки, солиқ ставкалари пасайтирилиши ёки айрим солиқлар бекор қилиниши билан бюджетга тушадиган маблағ албатта камаяди.
Буни самарали солиқ маъмуриятчилиги орқали бартараф этиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мумкин. Айнан шунга эришиш биринчи галдаги вазифамиздир.
Солиқ маъмуриятчилиги шундай бўлиши керакки, қўшилган қиймат солиғи кенг жорий қилинса ҳам бу ҳолат истеъмол товарларининг нархи ўсишига олиб келмаслиги шарт ва зарур.
Молия вазири ва Давлат солиқ қўмитаси раиси солиқ маъмуриятчилиги самарадорлиги ҳамда бюджет ва истеъмол маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлашга шахсан масъул этиб белгиланади.
Солиқ юкини камайтириш ҳисобига барчага бир хил адолатли солиқ режимини жорий этиш, солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш лозим.
Зеро, берилган имтиёз рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётганини тадбиркорларнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқдалар.
Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ана шу масала бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси топширилади.
Бешинчидан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилади.
Буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратлари “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар.
Ҳақиқатан ҳам, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз.
Жаҳон банкининг бизнес юритиш соҳасидаги рейтингида мамлакатимиз қурилиш бўйича 134-ўринни эгаллаган.
Бу эса соҳада кўплаб муаммолар борлигидан далолат беради.
Мисол учун, қурилиш соҳасида рухсат беришга оид 17 та тартиб мавжуд бўлиб, уларни олиш учун ўртача 246 кун сарфланади. Бу адолатсизлик эмасми?
Вазирлар Маҳкамаси зудлик билан ушбу соҳага доир норма ва қоидаларни такомиллаштириш чораларини кўриб чиқиши керак.
Олтинчидан, иқтисодиётни бошқаришда давлат аралашувини кескин камайтириш лозим.
Бугунги кунда мамлакатимизда 603 та акциядорлик жамияти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 486 тасида давлат улуши 52 триллион сўмни ташкил этмоқда.
Ёқилғи-энергетика, нефть-газ, кимё, транспорт ва банк соҳаларида давлат иштироки юқори даражада сақланиб қолаётгани уларни бозор механизмлари асосида ривожлантириш, инвестициялар жалб этишга тўсқинлик қилмоқда.
Айрим вазирликлар ўзи назорат қиладиган соҳадаги корхоналарда таъсисчи экани эркин ва соғлом рақобатга йўл бермаяпти, буниям бугун очиқ айтиш керак. Бундай тизимни энди ўзгартирмасак, ушбу тармоқларда ҳам ва умуман, иқтисодиётда барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди.
Давлат активлари тартибсиз бошқарилаётгани ҳам самарадорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, ҳозирги вақтда 972 та давлат корхонаси активларининг атиги 21 фоизи Давлат рақобат қўмитаси томонидан, қолган 79 фоизи вазирлик ва идоралар ҳамда хўжалик бирлашмалари томонидан бошқарилмоқда.
Бундай ёндашув сўнгги 27 йил давомида давлат корхоналарини қандай аҳволга олиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Авиасозлик саноати каби бутун бир соҳа йўқ бўлиб кетди.
Мавжуд тизимни тартибга солиш мақсадида Давлат активларини бошқариш маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни мустақил агентлик этиб қайта ташкил қилиш лозим.
Бу Агентлик давлат мулкини бошқариш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, акция ва облигациялар чиқариш йўли билан уларни молиявий соғломлаштириш, хусусийлаштириш жараёнларига бош-қош бўлади.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда мазкур таклифни амалда жорий этиш вазифаси топширилади.
Еттинчидан, биз эркин бозор тамойилларини ўрнатмоқчи эканмиз, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш орқали соғлом рақобат муҳитини яратишимиз шарт.
Бу борада биринчи қадам сифатида “Ўзбекэнерго” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимини тубдан ислоҳ қилиш ҳақида қарорлар қабул қилдик.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси қайта ташкил этилиб, парвозларни амалга ошириш, аэропортларни бошқариш ва аэронавигация хизматлари бир-биридан ажратилди.
Келгуси йилда бошқа стратегик тармоқларни ҳам, жумладан, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат” компаниялари, Навоий кон- металлургия комбинатини босқичма-босқич ислоҳ қилишни давом эттирамиз.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва унинг нархини белгилаш амалиётини бутунлай қайта кўриб чиқиб, бозор тамойилларини жорий этиш зарур.
Вазирлар Маҳкамасига ушбу масалалар юзасидан икки ой муддатда Ҳукумат дастурлари ва “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш топширилади.
Саккизинчидан, иқтисодиётимизни жаҳон бозорига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш устувор вазифадир.
Келгуси йили экспорт ҳажмини 30 фоизга ошириб, 18 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўймоқдамиз.
Биз экспортга йўналтирилган иқтисодиётга ўтишимиз, ички бозорда рақобат муҳитини шакллантиришимиз зарур.
Шунингдек, транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш ҳам энг долзарб масаладир. Чунки денгизга чиқиш имкониятимиз чеклангани учун маҳсулотни экспорт қилишда кўплаб қийинчиликлар пайдо бўлмоқда.
Шу боис, “Узбекистан Эйрвейс” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратишлари зарур.
Вазирлар Маҳкамаси экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл орқали имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориши керак. Шу билан бирга, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги индекси”даги мамлакатимиз ўрнини юқори позицияга кўтариш чораларини кўриш лозим.
Келгуси йилда божхона тартибларини кескин соддалаштириш, божхона назорати пунктлари ҳамда юкларни расмийлаштириш постларини тубдан ислоҳ қилиш зарур.
Юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий талабларга жавоб берадиган, “ягона дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатадиган божхона комплексларини барпо этиш керак.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда юқорида қайд этилган масалалар бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилади.
Тўққизинчидан, ҳудудларни комплекс ривожлантириш тадбирларини изчил давом эттириш лозим.
Иқтисодиётдаги тизимли ўзгаришлар натижасида ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши жорий йилда 35 фоиздан 37 фоизга ортиши кутилмоқда. Бироқ айрим шаҳар ва туманларда бу ўта муҳим масалага етарлича эътибор берилмаяпти.
Оқибатда, республиканинг 27 та туманида саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 1 фоизига ҳам етмайди. Шу сабабли, ҳар бир туман ва шаҳар саноатини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқиш керак. Бу масалани, аввало, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарлари алоҳида назоратга олиши керак.
Янги йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг урбанизация даражаси 35,5 фоизни ташкил этади ва ҳозирдан бошлаб зарур чоралар кўрилмаса, ушбу кўрсаткич яқин келажакда пасайиши мумкин.
Бош вазир А.Арипов мамлакатимиз аҳолисининг урбанизация даражасини 2030 йилга қадар 60 фоизга етказиш бўйича Давлат дастури ишлаб чиқиш учун шахсан масъул этиб белгиланади.
Бу борада фақат пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарларни эмас, аввало, ҳудудларда жойлашган шаҳар ва посёлкаларни комплекс ривожлантириш эътибор марказида туриши керак.
Қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш дастурларидан босқичма-босқич шаҳар ва посёлкаларда кўп қаватли уйлар қуришга ўтишимиз лозим. Муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳам уй-жойларни қуриш дастурлари билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланиши даркор.
Бу ишларга Иқтисодиёт вазирлиги бош-қош бўлиши лозим.
Шу билан бирга, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун махсус жамғарма тузилади. Бинолар ва иншоотлар жойлашган ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ана шу жамғармада тўпланади.
Биз бу янги тизим орқали ҳудудларимиз қиёфасини янада обод қилишга ва аҳоли фаровонлигини оширишга эришамиз.
Ўнинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифамиздир.
Кейинги йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шу билан бирга, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш керак. Бу соҳа биз учун нисбатан янги эканини инобатга олиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жумладан, кредит тизимини соддалаштириш, харажатларни субсидиялаш, ер ажратиш билан боғлиқ тартибларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.
Уруғчиликда асл навларни яратиш мақсадида, тажриба-селекция ишларини тубдан жонлантириш лозим.
Бунинг учун уруғчилик ва селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш талаб этилади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорвачилик бўйича янги тармоқларни ривожлантиришимиз зарур.
Бугунги кунда фермер хўжаликларининг йиллик чорва озуқасига бўлган эҳтиёжининг фақат 35 фоизи маҳаллий имкониятлар ҳисобидан қопланмоқда.
Шу сабабли янги ерларни ўзлаштириш орқали экин майдонларини кенгайтириш эвазига чорванинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, балиқчилик, паррандачиликни ривожлантириш ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кескин кўпайтиришимиз керак.
Яна бир муҳим вазифа – сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг қўллашдан иборат.
Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда бу масала бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилади.
Қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш керак.
Ердан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер майдонларини ажратиш лозим.
Аграр соҳада энг катта муаммо – фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билимга эга эмаслигидир.
Тўғри, уларда куч-ғайрат, ташаббус, ерга меҳр бор, кўпчилигининг кўзи ёниб турибди.
Лекин, афсуски, биргина хоҳиш билан биз юқори ҳосилдорликка ва пировард натижага эриша олмаймиз.
Бизга қишлоқ хўжалиги технологияларини мукаммал эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш ва инновация усулларидан хабардор фермерлар сув билан ҳаводек зарур.
Фермерлар кенгаши Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари билан ҳамкорликни кучайтириши, фермерларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиши лозим.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури”ни қабул қилиши керак.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатимизда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизими қандай ҳолатда эканини чуқур таҳлил қилиб, 2019 йил 1 мартга қадар бу борадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этишга доир таклифларни киритсин.
Ҳурматли парламент аъзолари!
Иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий ҳимоя ўзаро узвий боғлиқ тушунчалар бўлиб, уларни бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди.
2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур.
Биринчидан, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозим.
Ҳукумат бир ой муддатда 2019 йил учун бандликка кўмаклашишнинг янги давлат дастурини тасдиқлаши керак.
Бу борада ишсизларни касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш ҳамда бошқа ижтимоий ёрдам усулларидан кенг фойдаланиш керак.
Халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини оширишимиз зарур.
Энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, солиқ ва бошқа тўловларнинг энг кам иш ҳақи миқдори билан боғлиқ бўлишига барҳам бериш керак.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу масалани ҳал этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин.
Иккинчидан, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур.
Хабарингиз бор, яқинда ушбу масала бўйича Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб, ишлайдиган барча пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланди.
Шунингдек, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш бўйича янги тизим жорий этилмоқда.
Ислоҳотларнинг кейинги босқичида ушбу чекловлар ҳам бутунлай бекор қилинади.
Айни вақтда ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оила аъзоларини, боқувчисини йўқотганларни ўн олти ёшгача ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи доимо эътиборимиз марказида туриши керак. Умрини ногирон фарзандига қараш, уни парвариш қилишга бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа турини жорий этамиз.
Учинчидан, илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Халқимизда “таълим ва тарбия бешикдан бошланади” деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди.
Шу сабабли, таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни, таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим.
Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади.
Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз шарт.
Шу йўлдаги муҳим амалий қадам сифатида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини бугунги 34 фоиздан 2019 йилда 44 фоизга етказамиз.
Умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш, фарзандларимиз ҳар томонлама камол топиши учун, барча шароитларни яратиш лозим.
Хусусий мактаблар ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш керак.
Олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга қаратилган ишларни янада кучайтиришимиз зарур.
Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9-10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли, биз бу рақамни 15 фоиздан оширишга эришдик.
Лекин бу ҳали етарли эмас. Чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади.
Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш – муҳим вазифамиздир.
Олий ўқув юртлари нуфузини ошириш, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириб, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва рақобатни кучайтириш лозим.
Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини беришимиз, ўйлайманки, уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Олий таълим муассасаларига реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш тизимини жорий этиш керак.
Бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишни давом эттириш имкониятлари янада кенгайтирилади.
Чунки жамиятимизда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу таклифлар юзасидан икки ой муддатда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак.
Олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятни янада ошириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш – энг муҳим масалалардан биридир.
Ҳар бир ишлаб чиқариш соҳасида тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, конструкторлик бюролари, тажриба-ишлаб чиқариш ва инновацион марказлар бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Биз мамлакатимизда инвестицияларни фақатгина иқтисодиёт тармоқларига эмас, балки илмий ишланмалар “ноу-хау”лар соҳасига ҳам кенг жалб қилишимиз керак.
Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда илмий ишланмалар бўйича амалий натижадорликни ошириш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлаш топширилади.
Тўртинчидан, халқимиз генофондини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш лозим.
Бизнинг бош мақсадимиз – нафақат касалликни даволаш, балки унинг олдини олишдан иборат.
Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш лозим. Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланиб, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилиши керак.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат шифохоналарини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.
Нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш керак. Келгуси йилда Россия, Жанубий Корея, Германия, Италия тиббиёт институтлари билан қўшма факультет ва филиаллар очиш бўйича амалий чораларни кўрамиз.
Навбатдаги долзарб муаммо – аҳоли ўртасида онкологик касалликлар кўпайиб бораётгани билан боғлиқ.
Мисол учун, юртимизда йилига 22 мингдан ортиқ беморда онкологик касаллик аниқланмоқда.
Бу, ўз навбатида, мазкур касалликка қарши кураш тизимини такомиллаштиришни талаб этиб, юқори технологик тиббий ёрдамга эҳтиёжни кучайтирмоқда.
Ушбу йўналишдаги касалликларни барвақт аниқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда алоҳида қарор ва дастур қабул қилиш, уни молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаш вазифаси юклатилади.
Кўпайиб бораётган бир қатор жиддий касалликлар профилактикаси бўйича халқаро институтлар, нуфузли хорижий шифохоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.
Халқимиз генофондини сақлаш учун ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш рациони бўйича амалдаги меъёрларни халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш лозим.
Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда бу борада ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилади.
Бешинчидан, хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозим.
Бу борада жорий йилда кўрилган амалий чораларга қарамасдан, ҳалигача оғир турмуш шароитида яшаб, иш билан таъминланмаган 13 мингдан зиёд хотин-қизлар борлиги ачинарлидир.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда бир ой муддатда ана шундай аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган дастур ишлаб чиқиши зарур.
Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарларига 2019 йилда турмуш шароити оғир бўлган 1 минг 600 нафар хотин-қизларни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жойлар билан таъминлаш вазифаси топширилади.
Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар билан ишлаш масаласи, бундан буён ҳам энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси фаолиятини янада кенгайтириш зарур.
2019 йилда жамғарма учун 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш ва шу орқали 50 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш лозим.
Фарзандларимизнинг турли радикал ва зарарли ғоялар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик – асосий вазифамиздир. Бу борадаги ишларни янгича ёндашувлар билан давом эттиришимиз керак.
Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида янги маданият ва истироҳат боғларини ташкил этиш, уларни замонавий ёшлар масканларига айлантириш чораларини кўриш зарур. Ушбу боғлар таркибида биринчи навбатда спорт майдончалари, амфитеатр ва кичик саҳналар, кутубхона, “Китоб кафелари” бўлиши лозим.
Бугунги кунда ёшларимизнинг билим ва маълумот олишининг асосий манбаи Интернет экани ҳеч кимга сир эмас.
Шу сабабли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, жамоат жойларида бепул “вай-фай” ҳудудларини ташкил этиш чораларини кўришимиз керак.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда ушбу масалалар бўйича дастур ишлаб чиқиш юклатилади.
Олтинчидан, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уни муносиб турар-жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Келгуси йилда ҳам арзон уй-жойлар қуриш дастури изчил давом эттирилади.
Намунавий уйларнинг лойиҳаларини такомиллаштириш, энергияни тежайдиган технологияларни қўллаш, замонавий ва арзон қурилиш материалларидан фойдаланишга, алоҳида аҳамият бериш керак.
Айни пайтда юртимиздаги 34 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларнинг аниқ ҳолатини яна бир бор ўрганиб, бу масала бўйича амалий чоралар кўриш зарур.
Ҳукумат уч ой муддатда кўп қаватли уй-жой фондини тўлиқ хатловдан ўтказишни таъминлаши керак.
Дунёдаги йирик мегаполисларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганган ҳолда, реновация дастурини, яъни, эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида энг замонавий шароитга эга бўлган янги уйлар қуриш дастурини ишлаб чиқиш лозим.
Маълумки, коммунал хўжалик соҳаси узоқ йиллардан буён кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Шунинг учун 2019 йилдан бошлаб тармоқда давлат-хусусий шериклик бўйича инвесторлар билан ҳамкорликда ишлашни бошлаймиз.
Уй-жой мулкдорлари ширкатларида маъмурий харажатларни камайтириш учун профессионал бошқарув компаниялари фаолиятини қўллаб-қувватлаш керак.
Келгуси йилда аҳолини марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини ҳозирги 65 фоиздан 75 фоизга етказишимиз лозим.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиши зарур.
Еттинчидан, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш яна бир долзарб вазифадир.
Спортни жадал ривожлантириш, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам катта аҳамият берамиз.
Ёш авлодимиз ўртасида спортни оммалаштириш мақсадида энг чекка туманларда ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этамиз.
2020 йилда Токиода ўтказиладиган ёзги Олимпиадага пухта тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз лозим.
Яна бир муҳим масала – мамлакатимизда қишки спорт турлари бўйича халқаро талаблар даражасида спортчилар тайёрлаш самарали тизимини яратиш керак.
Пойтахтимизда барпо этилаётган “Ҳумо” муз спорти саройи, шунингдек, яқинда Тошкент вилоятининг Амирсой дам олиш масканида ишга тушириладиган замонавий мажмуа ҳам айни шу мақсадларга хизмат қилади.
Афсуски, ҳозирга қадар юртимизда Олимпия ёки Осиё ўйинлари каби нуфузли спорт мусобақалари ўтказилмаган.
Шу боис яхши ният билан келгусида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича истиқболли режа ишлаб чиқишни бошлашимиз керак.
Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда бу масала бўйича тегишли дастур лойиҳасини тайёрлаш топширилади.
Саккизинчидан, туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўришимиз лозим.
Бизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда.
Ваҳоланки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд.
Айниқса, тиббиёт туризми, зиёрат туризми ва экотуризмни ривожлантириш нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий соҳалар ривожига ҳам катта туртки беради.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий концепциясини ишлаб чиқиши ва ижросини таъминлаши зарур.
Шу асосда 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш лозим.
Тўққизинчидан, олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарур.
Хусусан, миллий ўзлигимизни англаш, Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, гуманитар соҳа олимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Ўтмишга берилган баҳо албатта холисона, энг муҳими, турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарур.
Афсуски, юртимиз тарихини ўрганишда ўтган даврда археологик тадқиқотлар етарли даражада олиб борилмади.
Шунинг учун Фанлар академиясининг Археология ва Санъатшунослик институтлари фаолиятини, олий ўқув юртлари ва музейлардаги археологик изланишларни чет эллик ҳамкорлар билан бирга ташкил этиш зарур.
Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Миллий телерадио компанияси таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш керак.
Мамлакатимиз музейларида сақланаётган тарихий экспонатларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳар бир музейнинг каталогини яратиш лозим.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда бу борада тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилади.
Азиз дўстлар!
Барчамизга аёнки, ислоҳот – бу янгиланиш, ўзгариш дегани. Ислоҳотлар ижобий натижа бериши учун, аввало раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради.
Бу мақсадга эришиш учун биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ва халқ депутатлари, барча етакчилар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишларини бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Замонавий, оқилона бошқарув тизимини жорий этиш – олдимизга қўйган вазифаларни бажаришнинг асосий шартидир.
Бу борада қуйидаги долзарб масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчидан, парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш лозим.
Ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ, парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди.
Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман.
Бўлажак вазир парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилсин ва унга эришиш йўлларини асослаб берсин.
Бир сўз билан айтганда, лавозимга муносиб эканини исботласин.
Айни вақтда жойлардаги маҳаллий кенгашларда ҳам вилоят ва туман идоралари раҳбарларини тасдиқлаш бўйича мана шундай амалиётни жорий этиш керак.
Парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият беришимиз зарур. Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис қошида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Иккинчидан, ижро ҳокимияти тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш ва давлат бошқарувида замонавий менежмент усулларини кенг қўллаш зарур.
Барча давлатларда Ҳукумат ислоҳотлар ижроси учун жавоб берадиган юқори ваколатли орган ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ҳукумат комплекслари таркибига 160 дан ортиқ идора ва ташкилотлар киради, Бош вазирнинг соҳа ва тармоқлар бўйича 8 нафар ўринбосари мавжуд.
Лекин Вазирлар Маҳкамаси ва унинг таркибидаги идораларнинг ислоҳотлар жараёнидаги ўрни бугунги кун талабига жавоб берадими? Бу саволга, афсуски, ижобий жавоб беролмаймиз.
Вазирлар ва компания раҳбарлари арзимаган масала бўйича ҳам Вазирлар Маҳкамасига қатнашга ўрганиб қолган. Оқибатда, Ҳукумат фақат кундалик жорий масалаларни ҳал қиладиган тузилмага айланиб бормоқда.
Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш эса эътибордан четда қолмоқда.
2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берганимиз муносабати билан Ташқи ишлар вазирлиги ва унинг чет элдаги ваколатхоналари ҳам ўз ишини қайта кўриб чиқишлари лозим бўлади.
Бундан буён бизнинг хориждаги элчиларимизга ҳам талаб ўзгаради. Уларнинг фаолиятига биринчи навбатда инвестицияларни жалб қилиш бўйича қандай ишлаётганига ҳамда ана шу инвестиция миқдорига қараб баҳо берилади.
Шу муносабат билан, Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, Ҳукумат ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идоралар фаолиятини оптималлаштириш ва такомиллаштириш, иш самарадорлигини ошириш, раҳбар кадрларнинг шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифаси юклатилади.
Президент қабулхоналарининг икки йиллик иш тажрибаси шуни кўрсатдики, биз яқин ўтмишда халқдан, унинг ташвиш ва муаммоларидан анча узоқлашиб қолган эканмиз.
Биз фуқаролар билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олиб, давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилишимиз, илғор давлат менежменти ва “ақлли” бошқарув принципларига босқичма-босқич ўтишимиз лозим.
Бу шуни билдирадики, энди давлат муассасалари бевосита фуқаро билан ишлашга ўтади.
Давлат идоралари халққа, жумладан, тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлиши зарур.
Давлатнинг бошқарув соҳасидаги баъзи функцияларини давлат-хусусий шериклик асосида жумладан, “аутсорсинг” шаклида хусусий секторга топшириш лозим.
Учинчидан, давлат бошқарувида самарадорликни ошириш мақсадида давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш зарур.
Бугун оддий бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Давлат идораларида малакали ва етук кадрлар етишмаяпти.
Ҳанузгача давлат хизматчиларининг мақоми белгиланмаган, давлат хизматига қабул қилишнинг ошкора механизмлари ишлаб чиқилмаган.
Бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун, аввало, давлат хизматчилари фаолиятини холисона баҳолаш бўйича самарали тизим жорий этиш зарур.
Эътиборингизни яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман.
Давлат органларида эртага, истиқболда қандай вазифалар долзарб бўлиши, содда қилиб айтганда, беш, ўн, йигирма йилдан кейин қандай муаммолар олдимизда кўндаланг бўлишини прогноз қиладиган тизим ҳали шакллангани йўқ.
Президент Администрациясига тармоқлар фаолиятини самарали бошқаришда стратегик таҳлил, режалаштириш ва прогноз тамойилларига асосланган узоқ муддатли давлат сиёсати Концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилади.
Бунда давлат бошқаруви идораларида стратегик таҳлил ва прогнозлаштириш тузилмаларини ташкил этиш лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида алоҳида Эксперт кенгаши ташкил этилиб, унга хорижий мамлакатларнинг нуфузли олимлари ва амалиётчилари жалб қилиниши лозим.
Тўртинчидан, маҳаллий ҳокимият органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқишимиз, уларнинг мустақиллигини янада оширишимиз лозим.
Ҳудудларни ривожлантиришга оид масалаларни ҳал этишда аксарият ҳокимларда масъулиятни ўз зиммасига олиб, мустақил қарор қабул қилиш ва ташаббускорлик етишмаяпти.
Маълумки, 2018 йилда Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида давлат бошқарувининг янги тартиби жорий этилиб, шаҳар ҳокими ва туман ҳокимларига молия, иқтисодиёт, инвестиция, қурилиш, уй-жой ва коммунал хизмат соҳалари раҳбарларини тайинлаш ваколати берилди.
Натижада 30 дан ортиқ комиссия ва кенгашлар тугатилиб, уларнинг ваколатлари тегишли ҳудудий органларга берилди. Самарасиз ишлаётган 12 та давлат унитар корхонаси тугатилди.
Давлат бюджетига тушадиган маблағларнинг бир қисмини маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдириш тартиби ўрнатилгани туфайли Тошкентда солиқ тушуми прогнозга нисбатан 2 триллион сўмга кўпайди.
Давлат бошқаруви соҳасида ижобий натижа бераётган ана шу экспериментни энди бошқа ҳудудларда ҳам жорий этишимиз зарур.
Келгусида ҳокимнинг айни вақтда Халқ депутатлари кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилиниши лозим.
Олий Мажлис палаталари раҳбарларига (Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов) 2019 йил давомида ушбу масалаларни парламентда атрофлича муҳокама қилиб, амалий чоралар дастурини қабул қилиш тавсия этилади.
Келгуси йили мамлакатимизда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга навбатдаги сайлов ўтказилади.
Юртимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик ишларини бошлашимиз зарур.
Бешинчидан, халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шарт.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш янги йилда ҳам фаолиятимизнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб қолади.
Ҳурматли сенатор ва депутатлар!
Сизларга маълумки, юртимизда сўнгги йилларда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ўзгаришлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловга эришиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган.
Мен бу масалага Конституция кунига бағишланган анжуманда атрофлича тўхталиб ўтганим учун бу ҳақда батафсил гапирмоқчи эмасман.
Фақат мазкур соҳада олдимизда турган асосий устувор вазифаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш лозим.
Судьялар корпусини шакллантириш тизимини суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига тўлиқ мослаштириш, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш зарур.
Бунинг учун туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлаш вазифасини Судьялар олий кенгаши тўлиқ ўз зиммасига олиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада жамоатчилик фикри ва судьяларнинг улар олдида ҳисобот бериш масаласи ўз ифодасини топиши зарур.
Иккинчидан, халқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни барвақт олдини олиш ишларини янги босқичга кўтариш талаб этилади.
Жорий йилда ушбу йўналишда кўпгина ишлар қилинди.
Жумладан, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш мақсадида профилактика инспекторлари учун 6 ярим мингдан зиёд хизмат уйлари, 1 минг 100 та шахсий уй-жой, 7 мингта шахсий автомобиль берилди.
Шу билан бирга, Миллий гвардия ходимлари учун ҳам 1 минг 800 та уй-жой қурилади.
2018 йилда 3 минг 205 та маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмагани ҳам шу ишларимиз натижаси, десак, тўғри бўлади. Лекин хотиржамликка берилишга ҳали эрта.
Одамлар тинч яшаши учун бутун мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратишимиз шарт.
Биз ички ишлар вазирлиги тизимида ваколат ва функцияларни қуйи бўғинга тушириб, уни чинакам халқчил тизимга айлантиришимиз зарур.
Бу борада илмий ёндашув ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этамиз.
Ҳар бир жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳар қайси ҳудуд ўз тажрибасини яратиши керак.
Бу борадаги ишлар самарасини ошириш учун Ички ишлар вазири, Миллий гвардия қўмондони ва Бош прокурор республика ҳудудларига шахсан масъул этиб белгиланади.
Жиноятчиликка қарши курашда, биринчи навбатда, ижобий натижага эришган профилактика инспекторлари ва маҳалла фаолларини рағбатлантиришни кучайтириш зарур.
Вазифасини сидқидилдан бажарган ходимларга янги тузилган Махсус жамғарма ҳисобидан устама ҳақ тўланади ва уларнинг меҳнатлари қўшимча рағбатлантирилади.
Бугунги кунда номига фаолият кўрсатаётган “Маҳалла посбони” лавозимини тугатиш вақти келди.
Унинг ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилади.
Бу лавозимга жойларда малакали ҳуқуқшунос, масалага қонун нуқтаи назаридан ёндашадиган фидойи кадрлар ишга олинади.
Биз қанчалик қийин бўлмасин, чекка-чекка ҳудудларда ҳам “Жиноят ҳақиқати ва адолати” тамойилини албатта жорий этишимиз керак. Яъни, жиноят сўзсиз фош этилиши ва айбдор жазоланиши шарт.
Бу масалага фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси, деб қарамасдан, бутун жамиятимиз бирлашиб, қаттиқ кураш олиб бориши зарур.
Учинчидан, жиноят қонунчилигини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш бўйича ишларни давом эттириш лозим.
Нега деганда, Жиноят ва Жиноят процессуал кодекслари қарийб 25 йил олдин қабул қилинган. Ўтган даврда жамиятдаги муносабатлар, одамларнинг яшаш тарзи, онги, дунёқараши ўзгарди.
Шу сабабли бу кодекслар бугунги давр талабларига жавоб бермай қолди.
Маълумки, қонунчиликда жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид моддалар бор.
Лекин улар терговчи ёки судьянинг ихтиёрига, яъни, инсон омилига тўлиқ боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак.
Акс ҳолда биз учун муқаддас бўлган адолат мезони бузилади.
Шунинг учун жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.
Шу мақсадда Бош прокурор раҳбарлигидаги идоралараро комиссия 2019 йил 1 июлга қадар Жиноят ва Жиноят- процессуал кодексларининг янги лойиҳаларини тайёрлаши лозим.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш – барча ютуқларимизнинг бош гаровидир.
Бу борада қуйидаги вазифалар долзарб аҳамиятга эга.
Биринчидан, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, ҳар қандай хавф-хатарга қарши доимо шай туришимиз лозим.
Мамлакат мудофаасини ҳарбий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича бошланган ислоҳотларни мантиқий якунига етказиш керак.
Мудофаа вазирлиги икки ой муддатда мудофаа саноати комплексига кирадиган корхоналарни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин.
Яна бир муҳим масала. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиб, давлатимиз чегара хавфсизлигини кучайтириш ва назорат сифатини ошириш лозим.
Қуролли Кучларимизда жанговар руҳни юксалтириш, аскар ва офицерларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга эътиборни янада кучайтиришимиз керак.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши лозим.
Иккинчидан, экологик хавфсизлик, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш эътиборимиз марказида туриши зарур.
Сув хўжалиги вазирлиги 2019 йил давомида минтақадаги давлатлар экспертлари билан биргаликда Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиши лозим.
Ҳозирги вақтда Орол фожиаси туфайли 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳроси пайдо бўлди.
Ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бу эса Орол ҳалокати глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида “Траст фонди”нинг тузилиши, ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди.
Биз Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтларидан, ҳамкор давлатлардан миннатдормиз.
Биз Орол денгизининг сувсиз қолган ҳудудида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз.
Агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган.
Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида келгуси йилда яна 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади.
Аҳолининг ҳаёт шароитини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва қишлоқларида янги қурилишлар амалга оширилади.
Хусусан, Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмаларга эга бўлган замонавий шаҳарча бунёд этилади.
Учинчидан, очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни давом эттириш ва унинг самарадорлигини янада ошириш чораларини кўришимиз зарур.
Сиёсий-иқтисодий муносабатлар доирасини кенгайтириш учун чет давлатларда Ўзбекистоннинг янги ваколатхоналарини очиш, ходимлар сонини кўпайтириш керак.
Халқаро майдонда мамлакатимиз сиёсий-иқтисодий манфаатларини илгари суриш учун давлатимизнинг ташқи иқтисодий ва сиёсий фаолиятига доир қонунчилик базасини янада такомиллаштириш лозим.
Вазирлар Маҳкамаси ва Хавфсизлик кенгаши аппаратига ушбу масалага доир қонун лойиҳасини 1 апрелгача ишлаб чиқиш топширилади.
Биз келгуси йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар, биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси, Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Корея Республикаси ва Япония билан муносабатларимизни янада ривожлантиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб борамиз.
Бизни ўзаро муштарак тарихий-маданий ва маънавий қадриятлар билан боғлаб келадиган мусулмон дунёси мамлакатлари билан ҳамкорликни бундан буён ҳам мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратамиз.
Айни шу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, биз хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни барча соҳаларда амалий мазмун билан янада бойитиш тарафдоримиз.
Биз ўз ташқи сиёсатимизда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган аниқ ва равшан стратегияга таянамиз.
Бу борада Ўзбекистон минтақадаги қўшни давлатлар билан, шунингдек, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Эрон билан амалий ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришни муҳим вазифа, деб билади.
Ушбу стратегияни амалга оширишда қўшни Афғонистон алоҳида ўрин эгаллайди.
Биз халқаро ҳамжамиятни Афғонистон ҳукумати раҳбарлигида тинчлик музокараларини бошлаш заруратини қўллаб-қувватлашга даъват этдик.
Шу муносабат билан, 2018 йилнинг март ойида Афғонистон бўйича ўтказилган юқори даражадаги Тошкент конференцияси замонавий Афғонистон тарихида халқаро миқёсдаги энг қамровли анжуман бўлганини таъкидлаш лозим.
Конференция якуни бўйича қабул қилинган, унинг барча қатнашчиларининг якдил позицияси ифода этилган “Тошкент декларацияси” Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ўзига хос Дастур бўлди.
Айнан ушбу конференциядан сўнг Афғонистондаги барча сиёсий кучлар, жумладан, “Толибон” ҳаракати иштирокида музокаралар жараёнини бошлашга қаратилган халқаро ҳаракатлар янада фаоллашди.
Ўзбекистон Афғонистон раҳбарияти ва мамлакатнинг етакчи сиёсий кучлари, жумладан, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан бир қатор муҳим музокаралар ўтказди.
Ушбу сиёсий кучлар афғон муаммосини ҳал қилишда Ўзбекистон самарали воситачи бўла олиши мумкинлигини эътироф этдилар.
Маълумки, Афғонистондаги вазиятни барқарор этишнинг муҳим шарти – мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклашдан иборат.
Бу борада биз Афғонистонда транспорт ва логистика, энергетика, савдо ва таълим соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришдик.
Ўзбекистон томонидан қурилаётган Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линияси, Термиз шаҳрида афғон фуқароларини ўқитиш учун очилган Таълим маркази, божхона терминалига ҳам эга бўлган “Термиз-карго” логистика маркази, Мозори Шариф – Ҳирот ва Мозори Шариф – Кобул – Пешавор темир йўл линияси лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани шундан далолат беради.
Ўзбекистон афғон муаммосини ечиш учун бундан буён ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.
Биз учун энг муҳим пировард натижа – Афғонистонда тинчлик музокараларини бошлаш ва миллий ярашувга эришишдан иборат.
Ҳурматли дўстлар!
Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради.
Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади.
Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир.
Хабарингиз бор, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг ялпи мажлиси томонидан муҳим бир ҳужжат – “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди.
Ушбу резолюцияни қабул қилиш ташаббуси 2017 йил сентябрь ойида Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган эди.
Бизнинг таклифимизни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган 193 та давлат кенг қўллаб-қувватлагани жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо ва эътироф сифатида барчамизга катта мамнуният ва ғурур-ифтихор бағишлайди.
Ушбу имкониятдан фойдаланиб, бугунги анжуманимизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига самимий миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.
Азиз ватандошлар!
Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида ҳар бир йил улкан дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш, юртимизни равнақ топтириш бўйича янги-янги ютуқлар, билим ва тажрибалар даври бўлиб қолмоқда.
Биз янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда яна бир амалиётни жорий этамиз. Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради.
Бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши лозим.
Шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича, ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлади.
Яъни, ҳукумат фаолиятига халқнинг ўзи баҳо беради.
Ҳаммамиз бир ҳақиқатни яхши тушунамиз, 2019 йил учун белгилаб олган режа ва дастурларимизни амалга ошириш, албатта осон бўлмайди.
Ҳали фақат қоғозда бўлган бу режа ва дастурларни амалий ишларга, реал натижага айлантириш учун барчамиз биргаликда қаттиқ меҳнат қилишимиз керак.
Бу йўлда бизга ишонч ва илҳом, ғайрат ва шижоат берадиган беқиёс бир куч-қудрат борки, биз унга таяниб, ўз мақсадларимизга албатта етамиз.
Бу – ҳаёт синовларида тобланган, сўзида қатъий турадиган, ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш, мард ва матонатли халқимиздир.
Биз бугун кўпмиллатли халқимизга, барчамизнинг умидимиз ва суянчимиз бўлган ёшларимизга ишониб, маррани катта олмоқдамиз.
Азиз фарзандларимиз, набираларимиз бахтини, камолини ўйлаб, эл-юртимизнинг, халқимизнинг ёруғ келажагини кўзлаб, олдимизга улкан вазифалар қўймоқдамиз.
Нияти улуғ халқнинг – иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади.
Биз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга – янги, юксак марралар сари борамиз.
Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш – Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият, десак, тўғри бўлади.
Барчамиз буни чуқур англашимиз, қадрига етишимиз зарур.
Жонажон Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчини шараф билан бажариш ҳаммамизга насиб этсин!
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, бутун халқимизни яқинлашиб келаётган янги – 2019 йил билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, ишларингизда омад ва муваффақиятлар тилайман.
Эзгу орзу-ниятларимизни, режаларимизни амалга оширишда Яратганнинг ўзи барчамизга мададкор бўлсин.
Эътиборингиз учун раҳмат.