Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
АБДУҚАҲҲОР АБДУСАМАТОВ ТАВАЛЛУДИНИНГ 70 ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
2019-08-22 15:14:50 1565
Бугун, 22 август куни Бағдод тумани марказида жойлашган “Ижодкорлар уйи”да истиқлолнинг илк йилларида туман ҳокими этиб тайинланган, мазкур масъулиятли вазифада узоқ муддат давомида ишлаб, Ватан равнақи, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш йўлида самарали меҳнат қилган, марҳум Абдуқаҳҳор Абдусаматов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Бағдод тумани ҳокимлиги ташаббуси ҳамда туман халқ таълими бўлими ва “Тоҳир-Бағдод” телевидениеси ҳамкорлигида ташкилланган тадбирда бир гуруҳ ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, Фарғона вилояти ҳокимлиги вакиллари, Абдуқаҳҳор Абдусаматовнинг замондошлари, шогирдлари ҳамда оила аъзолари иштирок этди.
Тадбир аввалида Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов сўз олиб, меҳмонларни бугунги ташриф билан самимий қутлади.
- Абдуқаҳҳор ака ёшлар учун, уларнинг порлоқ келажаги учун катта эътибор қаратадиган, бу йўлда кўплаб амалий ишларга қўл урган раҳбарлардан бири эди, - деди А. Турсунов. – У тумандаги корхона ва ташкилотларда, меҳнат жамоаларида ўтказиладиган тадбирларда ташаббускорлик кўрсатиб, елиб-югурадиган, ташкилотчилик қобилиятини намойиш қила оладиган, ғайрат-шижоатли ёшларни танлаб олар, ҳокимликнинг турли бўлимларида иш билан таъминлаб, уларга устозлик қиларди, йўл йўриқ кўрсатарди. Бу инсон ҳаётимизда ва касбий фаолиятимизда алоҳида ўрин тутганини фахр-ифтихор билан таъкидлайман. Биз у кишидан кўп нарса ўргандик. Бу ўрганганларимиз бугунги меҳнат фаолиятимизда жуда қўл келмоқда.
Тумандошимиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ўз сўзида марҳумнинг инсоний фазилатларини ёдга олди.
– Мен Муҳаммад акадан (Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф назарда тутиляпти) ҳаётий шеърият дарсини олган бўлсам, Абдуқаҳҳор акадан амалий тажрибаларга асосланган устозлик сабоғини олдим, - дейди халқимиз ардоғидаги устоз шоир.
“Тоҳир-Бағдод” телеканали кузатув Кенгаши раиси, “Олтин қалам” халқаро танлови ғолиби Тоҳиржон Ҳамроқуловнинг ёдга олишича, туман марказида “Ижодкорлар уйи” барпо этилиши, туман ҳокимлиги муассислигида мустақил телеканал фаолияти йўлга қўйилиши ва яна бошқа бир қанча хайрли ташаббусларда айнан Абдуқаҳҳор Абдусаматовнинг хизмати беқиёс.
Эътиборли жиҳати шундаки, кўпчилик бағдодликлар ҳаётида ўчмас из қолдирган Абдуқаҳҳор Абдусаматов ҳақидаги хотиралар бир гуруҳ ташаббускорлар томонидан жамланиб, китоб ҳолига келтирилди ва “Элпарвар” номи остида чоп этилди. Бугунги тадбир доираси ана шу китобнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур китобни мутолаа қиларкансиз, марҳумнинг оила аъзолари, дўстлари ҳамда шогирдлари томонидан битилган сатрлар орқали Абдуқаҳҳор Абдусаматов сингари асл фидойи инсонлар ёди, эзгу ишлари одамлар қалбида мангу қолишига чин дилдан ишонасиз.
Тадбирда туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари томонидан марҳумни ёдга солувчи шеърлар, куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари ижро этилди. Шунингдек, аввалроқ туман ҳокимлиги томонидан Абдуқаҳҳор Абдусаматов хотирасига бағишлаб эълон қилинган ижодий ишлар ҳамда расмлар кўрик-танловлари ғолиблари тадбирда муносиб рағбатлантирилди.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.