Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“ҲИЛОЛА” МАРРАГА ЯҚИНЛАШЯПТИ

×

 2019-09-25 15:16:54    1242

PDF yuklash
Chop etish


“Ҳилола” фермер хўжалиги аъзолари айни кунларда пахта йиғим-терими суръатини оширмоқдалар. Улар жорий йилда 46 гектар экин майдонида ғўзанинг эртапишар, турли зараркунанда ва касалликларга чидамли бўлган навини парваришлаб, давлатга сифатли хомашё сотишни мақсад қилишган. Ҳозирда далаларда иш қизғин: ҳар куни  юз нафарга яқин теримчи ғўза қатор ораларида жавлон урмоқда. Уларнинг ҳар бири ўртача ҳисобда 100-120 килограммдан пахта териб олишиб, мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Фермер Азизжон Сиддиқовнинг айтишича, бу йил пахта йили бўлди: лўппа-лўппа очилган чаноқлар кўзларни қувнатиб, кўнгилларни яшнатар даражада. Барча юмушингни шартта ташлаб, бепаён далага – оппоқ ғўза ниҳоллари билан сирлашгани чиқиб кетгинг келади. Жилла қурса, миришкор деҳқоннинг, теримчию ҳашарчининг ҳолидан хабар олиб, уларга далда бўлишни истайсан.

-                    Туман ҳокимлигидан бириктирилган вакиллар барча ташкилий ишларни ижобий ҳал қилишда яқиндан кўмак бермоқдалар, - дейди фермер. – Шунингдек, бошқа мутасаддилар ҳам теримчи опа-сингилларимиз билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг ғайратини оширмоқда. Ҳали далаларимизда ҳосил мўл. Насиб қилса, биринчи теримдаёқ режани ортиғи билан бажариб, юртимиз ва халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади. Лекин марра – чегара эмас! Мавсум охирига қадар шиддатни қўлдан бермай, ҳар туп ғўзадаги “оқ олтин”нинг сўнгги мисқолигача териб олиб, давлатимиз омборларига етказамиз.


Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бағдод туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Фазлиддин Очилдинов, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфузахон Каримова ҳамда бир гуруҳ масъуллар “Ҳилола” фермер хўжалиги дала шийпонида бўлишиб, теримчилар учун яратиб берилган шарт-шароитлар билан танишдилар ва улар мурожаатларини тинглашди. Маълум бўлишича, мавсум бошидан буён жонбозлик кўрсатиб келаётган теримчилар туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва фермер томонидан мунтазам равишда рағбатлантириб борилмоқда. Терим пули, иссиқ овқат ва бошқа маиший шароитлар юзасидан ҳеч қандай эътироз йўқ. Фақатгина гашлаштириш идораси ходимлари белгиланган муддатларда келишиб, газ баллонларимизни ўз вақтида тўлдириб кетишса, бўлди, дейди теримчилардан бири.

Бугунгидек мўътадил об-ҳаво шароитини ғанимат билиб, етиштирилган ҳосилни ўз вақтида йиғиб-териб олган деҳқоннинг ошиғи олчи. Эртага қўлини қаёққа узатса етадиган, эл-юрт, маҳалла-кўй орасида гап-сўзи ўтадиган бўлади. “Ҳилола” фермер хўжалиги аъзолари ҳам эртами-индин кўзланган маррага етиб, илғорлар сафидан ўрин олишади, дея тилак билдирдик.

 

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.