Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 25 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ТАДБИРКОР ЎЗ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН МАҲАЛЛАНИ АСФАЛЬТЛАШТИРДИ

×

 2019-10-01 15:57:48    1223

PDF yuklash
Chop etish


Якка тартибда фаолият юритувчи тадбиркор Шарофиддин Қосимов бир неча йил давомида жамғариб борган маблағи ҳисобидан “Самарқанд” МФЙ ҳудудидаги “Якка тут” кўчасига асфальт ётқизилишига ҳомийлик қилди. 14 хўжаликнинг бу манзилга кўчиб ўтганига 15 йилдан кўпроқ вақт бўлган эса-да, маҳалла ҳалигача асфальтланмаган, аҳоли саратонда чанг, қаҳратонда лой кечишга мажбур эди. Бозорда савдо-сотиқ билан, томорқасида чорвачилик билан машғул бўлган Шарофиддин ака, мендан кетсин – маҳалламга етсин, дея улуғ савобли ишга қўл урди.

- Ҳаётга бир марта келамиз! – дея гапнинг дангалига кўчиб қўя қолди тадбиркор. – Шу юртда яшаб, кўп яхши кунларни кўрдик. Ота-онамиз, фарзандларимиз, бошқа яқинларимиз – ҳаммаси соғ-саломат. Шунинг шукронаси учун бу ишга қўл урдик. Биздан ҳам нимадир қолсин, деган илинжда. Бундан кейин ҳам туманимизнинг гуллаб-яшнаши учун, маҳалладошларим оғирини енгиллатиш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.


Шарофиддин ака бу эзгу ишни “хўжам кўрсин” учун қилмади, илло-билло, шунчаки, элга эш бўлиш истаги унинг юрагини оловлантирди. 200 метр йўлга 20 миллион сўмдан ортиқ маблағни асфальт қилиб ётқизиб, кўча-кўйда кер-рилиб юргани йўқ бу тадбиркор. Ўзининг айтишича, “Якка тут” томонларда аҳоли шахсий томорқаларини суғоришда муаммо бор – ана шунинг ечими устида бош қотиряпти акамиз.

Бундан 4 йил аввал умра зиёратида бўлиб қайтган Солияхон ая бугун ўғлининг саъй-ҳаракатидан мамнун.

– Дадаси иккимиз болам билан фахрлани-и-иб ўтирибмиз-да, айнанай. Худо ҳар кимнинг ҳам дастига барака берсин. Давлат қачон маҳалламни аспаллаб беради, қачон сув чиқариб беради, деб ўтирадиган замонмас ҳозир! Топган – тўрваси билан, топмаган – шўрваси билан, дегандай ҳамма бир ёқадан бош чиқарса, ҳал бўлмайдиган муаммо йўқ, болам. Бу эзгуликлар бир кунмас бир кун мевасини беради, - дейди онахон.


Онахонинг гапи рост чиқди – эзгулик кечанинг ўзидаёқ мева берди – Шарофиддин аканинг жонбозлиги туман ҳокими Алибек Турсуновга қадар етиб борди. Тайинки, бу хабардан севинган ҳоким тадбиркорга самимий миннатдорлик билдирди, эгнига миллий чопон ташлаб, ота-онасига минг раҳмат шу инсоннинг, дея кўпчиликка ўрнак тариқасида кўрсатди.

 

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.