Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Бағдод тумани ИИБ бошлиғи: “УМУМИЙ ЖИНОЯТЧИЛИК КАМАЙИШИГА ЭРИШИЛДИ, БИРОҚ…”

×

 2019-10-19 17:17:39    1528

PDF yuklash
Chop etish


Бағдод тумани ҳокимлиги фаоллар залида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимлиги мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи борқариш органлари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Йиғилишда туман ИИБ бошлиғи, подполковник Жаҳонгир Ҳасановнинг ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида туманда 120 та жиноят содир этилган бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 14 тага кам, демакдир. Бироқ, минг афсуски, аёллар жиноятчилиги ошиб кетишига йўл қўйилган ва 2019 йилнинг 3-чорагига келиб, улар томонидан содир этилган жиноятлар сони 20 тани ташкил этмоқда. Агар 2018 йилнинг айни даврида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар салмоғи 14 тани ташкил этгани инобатга олинса, бу йилги ҳолат чиндан ҳам ташвишли экани ойдинлашади.


- Хотин-қизлар ўртасидаги жиноятларни таҳлил қилганимизда, - деди Ж. Ҳасанов ўз сўзида, - улар томонидан аёллик шаънига мутлақо номуносиб бўлган жиноий хатти-ҳаракатлар содир этилганини кўришимиз мумкин. Масалан, фоҳишахона ташкиллаш (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси), одам савдоси (135-модда), ўғирлик (266-модда) ва ҳатто, қотиллик (97-модда) жиноятига қўл урганлар ор-номусли, ибо-ҳаёли, миллий урф-одатларимиз руҳида улғайган, давлат ва жамият ривожига муносиб улуш қўшиб, ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечираётган минглаб-миллионлаб аёлларимиз қаршисида хижолат бўлишмайдими?! Яна бир ташвишланарли жиҳат шундаки, аёллар иштирокидаги жиноятларнинг асосий қисмини фирибгарлик (168-модда) жинояти ташкил қилмоқда. Шунингдек, иқтисодий жиноят (185-223-228-моддалар), пора таклиф қилиш (211-модда) ва мансаб сохтакорлиги (209-модда) билан боғлиқ жиноятлар ҳам қайд этилган. Демак, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш лозим, деб ҳисоблайман.

Ҳисоботда таъкидланишича, туманда мавжуд 56 та МФЙнинг 33 тасида жиноят содир этилган (уларнинг 12 тасида жиноятчилик ошган бўлса, яна шунчасида камайган, 9 тасида эса тенглик сақланиб қолган),  23 та МФЙ ҳудудида 9 ой мобайнида мутлақо жиноят содир этилмаган.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида туман ИИБ профилактик инспекторлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида 4 минг 959 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган ва уларни содир этганларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилган.

Ж. Ҳасанов ўз ҳисоботи якунида туманда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг асосий омилларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда бу борада масъулиятни янада ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Мавзуга доир маълумот: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан туманда мавжуд барча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида профилактика инспектори ёрдамчиси лавозими жорий этилган ва бу ўз самарасини бермоқда. Хусусан, туманнинг “Юқори Мирзаобод” МФЙга хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори ёрдамчиси М. Қосимов Олтиариқ тумани ҳудудида содир этилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан квалификацияланувчи жиноятни фош этишда амалий ёрдам кўрсатган ва унинг бу хизмати вилоят ИИБ бошлиғи томонидан муносиб эътироф этилган.

 

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.