Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ИНШОЛАР ТАНЛОВИДА ҒОЛИБ БЎЛГАН БАҒДОДЛИК ЎҚУВЧИГА ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ЭСДАЛИК СОВҒАСИ ТОПШИРИЛДИ
2019-10-21 17:16:16 1388
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир. Ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Миллатимиз кўзгуси саналган ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Ёдингизда бўлса, 4 октябрь куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги Қарори имзоланган эди. Мазкур қарор билан тарихий сана арафасида ўтказиладиган маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган эди. Дастурга мувофиқ, мактаб ўқувчилари ўртасида “Ўзбек тили – ифтихорим” мавзусида иншолар танлови эълон қилинган ва бугун ушбу танловнинг вилоят босқичи якунлари эълон қилинди.
Қувонарли жиҳати шундаки, туманимиздаги 17-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нилузар Иброҳимжонова танловнинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди. Ғолибга Фарғона вилояти ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ҳамда ноутбук ва китоблар жамланмасидан иборат эсдалик совғаси топширилди.
Бағдод тумани ҳокимлиги бадиий истеъдоди, билимга чанқоқлиги, намунали одоб-ахлоқи билан ўз тенгқурларига ўрнак бўлиб, вилоят миқёсида туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилгани учун Нилузар Иброҳимжонова ва уни тарбиялаб вояга етказаётган ота-онасига, барча яқинларига самимий миннатдорлик изҳор қилади.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.