Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАРҒИБОТИ ОЙЛИГИ ЮҚОРИ САВИЯДА ЎТМОҚДА
2019-11-05 16:29:52 1329
Маълум муддат аввал Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этишга доир қарор қабул қилинган эди. Сайлов кодекси қабул қилиниши билан боғлиқ муҳим ўзгаришларни, аввало, сайлов ташкилотчиларига ўргатиш, жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилувчи мазкур тарғибот тадбирлари Бағдод туманида ҳам алоҳида эътибор ҳамда уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Жумладан, куни кеча 288-Ирғоли сайлов участкасида навбатдаги ўқув-амалий семинар ташкилланиб, унда участкалар комиссия раислиги, ўринбосарлиги ва аъзолигига номзодлар, сайловнинг меъёрий талаблар асосида ўтишига бевосита дахлдор корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Туман ҳокими Алибек Турсунов участкада сайловчилар ва сайлов комиссияси аъзоларига яратилган шарт-шароитлар билан танишар экан, бу борада олиб борилган тайёргарлик ишларига юқори баҳо берди ҳамда туманда мавжуд 50 та сайлов участкасининг ҳар бирида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан узвий ҳамкорлик ўрнатилиши, ҳудудлар, айниқса, сайлов участкаси жойлашган кўчаларнинг ободлиги, саранжом-саришталигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
- Сайлов – фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим сиёсий тадбир ҳисобланади, - деди туман ҳокими. – Наврўз, Мустақиллик байрамлари, Конституциямиз қабул қилинган кунга қандай юқори савияда тайёргарлик кўрилса, сайлов ўтказиладиган кунга ҳам ана шундай зўр уюшқоқлик билан тадорик кўришимиз шарт. Токи, халқимиз бу кунни энг азиз, энг улуғ байрамдек орзиқиб кутсин. Сайлов участкаларида ҳар бир сайловчи учун керакли барча шарт-шароит яратилиши, сайлов жараёнида қонунийлик таъминланишига эришмоғимиз талаб этилади.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари 288-Ирғоли сайлов участкасида сайловчилар ва сайлов комиссияси аъзолари учун яратилган шароитлар, хусусан, сайловчиларнинг ҳисобини электрон шаклда юритиш механизми, комиссия аъзолари фаолият ютирувчи алоҳида кабинетлар, овоз бериш хонаси ва бунда сиёсий партиялар кузатувчилари учун ажратилган жойлар, овоз бериш кабиналари, сайлов бюллитенлари сақланувчи махсус идиш – урналарнинг жойлашуви, сайлов ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан танишдилар.
- Тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш мобайнида давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни ўтказишда сайловчиларнинг ҳуқуқий билимини ва сайлов маданиятини юксалтириш, Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари ҳақида кенг тушунтириш ва сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш масалаларини очиб бериш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда сайлов комиссияларининг тутган ўрни тўғрисида хабардор қилиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тартиб-таомилларни тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди биз билан суҳбатда туман сайлов комиссияси раиси Аҳроржон Ҳатамов. - Бунда тарғиботнинг барча илғор технологияларидан, жумладан, давра суҳбатлари, семинарлар, учрашувлар, бевосита мулоқотлар, конференциялар, тренинглар, ўқув дарслари, танловлар, викториналар ўтказиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш назарда тутилган.
Дарҳақиқат, бу каби тадбирлар аҳолининг сайловларда фаол иштирок этиши ва мамлакатимиз тақдири учун дахлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари учун навбатдаги сайлов жорий йилнинг 22 декабрь санасига белгиланган.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.