Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 10 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Бағдод тумани ҳокими Алибек ТУРСУНОВнинг туман тадбиркорларига йўллаган МУРОЖААТИ

×

 2019-11-22 12:14:18    1295

PDF yuklash
Chop etish


Ҳурматли тадбиркорлар!

Бағдод туманининг ишбилармон, бағрикенг ва самимий инсонлари!

 

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масаласи давлатимиз ҳамда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес вакиллари дунё мамлакатларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис, мазкур соҳани ривожлантириш, бунинг учун мавжуд барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга бизнинг юртимизда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туманимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларининг кафолатланган ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда, улар ижросини амалда тўлиқ ва бир хилда ташкил этиш – барча идоралар ва мансабдор шахсларнинг устувор вазифаси ҳисобланади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчидир. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5718-сон Фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари” ташкил этилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Бундай янги институт туманимизда ташкил этилганидан то бугунги кунга қадар тадбиркорлардан 51 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 20 дан ортиғи ижобий ҳал этилди ва қолган мурожаатлар юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.

Амалга оширилаётган ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли тадбиркорлар ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик каби бюрократик тўсиқлардан халос бўлди, вақти ва маблағини тежаш имконияти яратилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларда тадбиркор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий этилди. Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч нуқтасига айланган хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.

Маълумки, шу кунгача тадбиркорга кредит ажратилиши масаласида банклар ўзининг вилоят, республика раҳбарияти хулоса ва тасдиғини олиши зарур эди. Муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари асосида бундан буён вилоят, республика банклари ваколатларини туман, шаҳар банкларига бериш йўли билан ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади.

Бугунги кунда туманимизда 8 та хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. 2020 йилнинг 1-чорагига қадар уларнинг сонини 10 тага етказиш бўйича ишларни ташкил қилмоқдамиз. Сиз азиз тадбиркорларга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, ҳар бирингиз ана шу қўшма корхоналарнинг муассисларидан бири бўлиш имкониятингиз бор. Туманимизга Россия, Хитой, Корея ва бошқа кўплаб давлатлардан келаётган сармоядорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этишингизни ҳамиша қувватлаймиз.

Ўз навбатида, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Бинобарин, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”. Тадбиркорлик ривожланиши натижасида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари ўз ечимини топади.

Демак, бизнинг асосий вазифамиз – кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда бу соҳа ҳиссасини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат.

 

Азиз бағдодликлар!

 

Бугунги кунда туманимизнинг иқтисодий барқарорлашувига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган кўплаб тадбиркорларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Хусусан, “Аброр” кўп тармоқли хусусий корхонаси ва “Водий трейд” корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотлари нафақат туманимиз, балки бутун Ўзбекистонда ўз харидорларига эга. Шунингдек, туманимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда “Арамати Багдада” ҳамда “Марвел инвест” хусусий корхоналари, “Барҳаёт агро”, “Бағдод ёнғоқ агро” ва “Агро Фергана экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари, “SWOX Company” корхонаси, “Мунис Файз-2019”, “Шўртепа ойдин кўли”, “Фергана гарден фрутс”, “Алимардон агро” каби ўнлаб фермер хўжаликларининг сезиларли улуши борлигини алоҳида қайд этишимиз лозим.

Бундан ташқари, “Қурилиш кўчма колонна 017”, “Шоҳруҳ бюлдинг”, “Future invest group” (Фюче инвест груп) масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қурилиш корхоналари, “Зироатчи Мустафақул”, “Суҳроб Сулаймонов”, “Пойқадам Бағдод”, “Серқуёш давр” фермер хўжаликлари, “Марҳамат Бағдод” хусусий савдо корхонаси, “Asl kids” (Асл кидс) хусусий корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар фуқароларимизга манзур бўлмоқда. 

Кези келганида айтиш керакки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ташаббусларига кўра ишлаб чиқилган ҳамда ҳаётимизга изчиллик билан татбиқ этилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида туманда шу даврга қадар 1 минг 397 нафар жисмоний ва юридик шахсларга 19 млрд. 239 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиб, қўшимча 1,5 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди, юзлаб муҳтож оилаларда уй меҳнати, касаначилик ва бошқа турдаги тадбиркорлик ташкил этилди. Ўз навбатида, шу йўл билан оилалар қўшимча даромад манбаига эга бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз бундан кейин ҳам асосий эътиборни кафолатланган иш ўрни ташкил этадиган ва ялпи ички маҳсулот ҳажми ошишига таъсир кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратамиз.

“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида эса 16 та лойиҳа молиялаштирилди ва бунинг учун 4 млрд. 315 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари йўналтирилиб, 120 та иш ўрни яратилишига эришилди. 2020 йилда бу кўрсаткичларни янада ошириш учун бизда етарлича имконият бор, деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида 1 минг 594 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилиб, туманда улар сони 5 минг 182 тага етишига эришилди. Бироқ бу натижалар билан қаноатланиб, овуниб қолиш керак эмас! Табдиркорликнинг янги-янги йўналишлари, масалан, қишлоқ хўжалигининг чорвачилик, боғдорчилик, асаларичилик, паррандачилик, пиллачилик ва яна бошқа кўплаб тармоқларида кластер тизимини жорий қилиш, маҳсулот етиштиришда инновацион технологиялар, хусусан, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш каби тежамкор усуллардан кенг фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, саноат ва қурилиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари экспортини янада ошириш, хорижлик ҳамкорлар билан қўшма корхоналар ташкил этиш ва инвестициялар жалб қилиш орқали қўшимча иш ўринлари яратишга алоҳида урғу беришимиз лозим.  

 

Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

 

Сизларни ишонтириб айтаманки, бундан кейин ҳам туманимизда тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш маҳаллий давлат органлари масъулларининг энг биринчи галдаги вазифаси бўлади. Тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат органларининг ўзаро муносабатлари текшириш эмас, балки тадбиркорлик фаолияти учун фақат ва фақат ёрдам бериш, қўллаб-қувватлаш принциплари асосида ўрнатилади. Ҳар бир тадбиркорнинг мулки – дахлсиз, турли сабабларни важ қилиб, ҳеч бир тадбиркорнинг мулки тортиб олинмаслиги ва ёки бузилмаслиги кафолатланади. Тадбиркорни ишдан қолдириб, ортиқча расмиятчилик ва мажлисбозлик қилишга бутунлай чек қўйилади.

Тадбиркор фаолиятини янада ривожлантириш, самарадорлигини ошириш, янги ишчи ўринлари яратиш борасидаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ҳамда барча даражадаги раҳбарларнинг иш услуби тубдан ўзгартирилади. Бундан буён тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, барча турдаги тадбиркорлик масалалари бўйича юзага келаётган муаммо ва таклифлар юзасидан тумандаги ташкилот ва корхона раҳбарлари Сизнинг энг яқин кўмакчингиз бўлишига ҳамда улар доимий равишда Сизнинг муаммоларингизни ижобий ҳал қилиш билан шуғулланишига кафолат бераман. Туман ҳокимлиги биноси, менинг иш кабинетим эшиклари кеча-ю кундуз Сизлар учун очиқ. Фаолиятингизни янада юксалтириш юзасидан билдирилган ҳар қандай таклифингиз ва ташаббусингизни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрман.

Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли туманда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Биламан, Сиз ҳам туманимизнинг янада гуллаб-яшнаши, иқтисодий барқарорликка эришиши ҳамда фуқароларимиз бундан-да фаровон ҳаёт кечиришини чин дилдан истайсиз! Бунинг учун ҳозиргача самарали фойдаланилмаётган ички имкониятларни тўла-тўкис ишга туширайлик, янгича ғоя ва ташаббуслар билан бирлашайлик! Натижада, Бағдодни нафақат вилоятимиз, балки бутун Ўзбекистонда энг ривожланган, равнақ топган туманга айлантирайлик!

 

Мурожаат учун телефонлар:

 

Бағдод туман ҳокими:

Алибек Турсунов                (+99891) 144-85-15.

 

Бағдод тумани прокурори:

Мирзобедил Назаров                   (+99898) 141-80-10

 

Бағдод тумани ИИБ бошлиғи:

Жаҳонгир Хасанов                      (+99890) 409-23-50

 

Бағдод тумани ДСИ бошлиғи:

Абдурасул Қосимов                               (+99891) 652-00-21

 

Бағдод тумани ҳокимининг 1-ўринбосари:

Ғанижон Солиев                           (+99890) 532-18-75.