Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ЯККА ТАРТИБДА ТАЪЛИМ ОЛУВЧИЛАРГА МУРУВВАТ ЁРДАМИ КЎРСАТИЛДИ
2019-12-03 16:46:08 1145
Бағдод тумани ҳокимлиги томонидан якка тартибда таълим олувчи 58 нафар ўқувчига мурувват ёрдами кўрсатилди. 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан туман халқ таълими бўлимида ташкилланган тадбирда ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари қатнашди.
- Раҳбарларга минг раҳмат, фарзандларимизни бепул кийим-бош билан таъминлашди, ўксик дилларига умид, шодлик ва қувонч олиб киришди, - дейди Умидахон Шокирова. – Менинг қизим – Маҳлиёхон Рўзалиева, мана, 8 йилдирки, 44-умумий ўрта таълим мактабининг якка тартибда таълим олувчи ўқувчиси ҳисобланади. Мактаб томонидан алоҳида ўқитувчилар бириктирилган – ҳар куни келиб, дарс машғулотларини ўтишади, устозлари қизим билан алоҳида шуғулланади. Турли байрамларда туман ҳокимлигининг, халқ таълими бўлимининг вакиллари уйимизда бўлишиб, турмуш шароитимиз билан яқиндан танишиб борадилар, моддий-маънавий ёрдамларини аямайдилар. Бугунги байрам муносабати билан оиламиз учун кўмир ва қаттиқ ўтин ҳам ажратиб беришди. Бу мурувватдан бошимиз осмонга етди.
Шу куни ўқувчилар учун Қўқон шаҳридаги “Медиапарк” кўнгилочар масканига саёҳат ташкилланди. Бу каби эзгу мақсадлар учун туман ҳокимлиги ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан 15 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди, дея маълум қилмоқда Бағдод тумани халқ таълими бўлими мудири Тўлқиной Тожиева.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.