Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН ЯКУНЛАНДИ, БИРОҚ ИЗЛАНИШЛАР ДАВОМ ЭТАДИ
2019-12-04 19:12:44 1375
Аввал хабар берганимиздек, бундан маълум муддат аввал Бағдод тумани халқ таълими бўлими томонидан лойиҳалаштирилган “Таълимда ислоҳотлар: ўзгаришларни ўзимиздан бошлайлик” иқтидорли ўқитувчилар илмий-амалий анжуманига старт берилган эди. Бугун, 4 декабрда анжуман якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди ва унда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Турдиматов қатнашди.
Ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялашда халқимизнинг бой маданий-тарихий анъаналарига, урф-одатлари ва умумбашарий қадриятларга асосланган самарали ташкилий, педагогик шакл ва воситаларни ишлаб чиқиш, уларни амалиётга кенг жорий этиш; педагоглар орасидан ташаббускор, ижодкор, фидойи, таълим-тарбия жараёнида илғор педагогик технологиялардан унумли фойдаланиб, ижобий натижаларга эришаётган педагоглар фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, иш тажрибалари ҳамда ишланмаларини оммалаштириш, ўқитувчиларда интернет тармоғидан фойдаланиш малакасини ривожлантириш; миллий таълим тизимидаги ислоҳотларни чуқур таҳлил қилиш, педагоглар ўртасида ижтимоий фаоллик ва дахлдорлик ҳиссини ошириш каби эзгу вазифаларни ўз олдига қўйган мазкур анжуман билан, дарҳақиқат, кўзланган мақсадга эришилди. Зотан, ўтган вақт давомида унда қатнашиш истагини билдирган умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари, олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчилар, магистрантлар, иқтидорли талабалар ҳамда мустақил тадқиқотчилардан 200 дан ортиқ илмий асосланган, илғор педагогик ва инновацион лойиҳалар баён қилинган мақолалар келиб тушган.
- Шуниси эътиборлики, қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам ўнлиб янги муаллифларни кашф этдик, - дея таъкидлайди туман халқ таълими бўлими мудири Тўлқиной Тожиева. – Қолаверса, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Андижон ва Наманган вилоятлари педагоглари ҳам ўз мақолалари билан илмий анжуманимизда фаол қатнашдилар. “Таълимда ислоҳотлар: ўзгаришларни ўзимиздан бошлайлик!” шиори остидаги иқтидорли ўқитувчилар илмий-амалий анжуманига старт берилганидан буён ўтган бир ой давомида орамизда чуқур билимли, юксак салоҳиятли, шу билан бирга, истеъдодлик педагоглар жуда кўпчиликни ташкил қилишига амин бўлдик. Ва ниҳоят, иштирокчилар билан кенгашган ҳолда, бу анжуманни анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб бориш лозимлиги юзасидан якдил тўхтамга келдик.
Анжуман якунига бағишланган тадбирда бир гуруҳ иштирокчилар – Бағдод тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Дилором Холдарованинг “Тўронғил ота” зиёратгоҳининг ўрганилиши” мавзусидаги, Қува тумани халқ таълими бўлими методисти Аҳроржон Раҳмоновнинг “Замонавий таълим тизими тараққиётга хизмат қилади” мавзусидаги, Фарғона Давлат университетининг тилшунослик кафедраси катта ўқитувчиси Сурайё Ғафурованинг “Ўқитувчиларни илмий тадқиқот ишларига йўналтириш масалалари” мавзусидаги, қўшни Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ҳулкарой Қосимованинг “Бошланғич синфларда ҳуснихат тўгаракларини ташкил этиш” мавзусидаги, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидан ташриф буюрган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Дилором Исомиддинованинг “Нуронийлар – ёшлар тарбияси ва эзгу қадриятларнинг тарғиботчиси” мавзусидаги маърузалари тингланди.
Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Маъруфжон Турдиматов анжуман хусусида сўз юритар экан, экспертлар кенгашига келиб тушган ижодий материалларнинг ҳар бири мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ эканини урғулади.
- Ўқитувчи бирор бир мавзу юзасидан илмий изланиш олиб боришни мақсад қилибдими, демак, у бунинг учун изланади, ўқийди, ўз устида тинимсиз ишлайди, дарсликларга киритилмаган кўплаб маълумотларни интернет тармоғи ёки бошқа манбалар орқали олишга ҳаракат қилади. Таълимга оид ислоҳотлардан кўзда тутилган бош мақсад ҳам шу: ўқитувчи кундалик дарсини ўтиш билангина чекланиб қолмасин, шу соҳада “қайнасин”, янги-янги инновацион ғояларни, педагогик услубларни амалда қўлласин, мавзуга доир қўшимча маълумотлар билан ишлашни ўргансин, замонавий технологиялар имкониятларидан самарали фойдалансин, хулосаки, ижод қилсин – бир жойда туриб қолмасин! Шахсан мен ушбу анжуман қатнашчиларининг кўзларида, сўзларида ана шундай қатъий мақсадларни ва шижоатни кўрдим, - деди Маъруфжон Турдиматов.
Анжуман ишида Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов ҳам қатнашди ва ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
- Анжуман доирасида 200 дан ортиқ илмий мақола кўриб чиқилгани айтиляпти, - деди Алибек Турсунов. – Бу нима дегани? Бу – камида 200 та янги ғоя, дегани! Масалан, туманимиздаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Дилором Холдарованинг “Тўронғил ота” зиёратгоҳининг ўрганилиши” мавзусидаги илмий мақоласи менда катта қизиқиш уйғотди. Аслида, юртимизнинг ҳар қарич ери табаррук, ҳар бир ҳудудда ўнлаб тарихий объектлар мавжуд. Лекин, минг афсус, уларни чуқур ўрганиш, илмий асослаш, ишончли маълумотларни тўплаш масаласига унчалик эътибор қаратилмайди. Мана, айтишяпти, биргина “Тўронғил ота” зиёратгоҳи тарихи билан боғлиқ бир дунё маълумот бор. Агар шу маълумотлар тўлиқ ўрганилса, илмий жиҳатдан асослаб берилса, бу каби зиёратгоҳларни қайта тиклаш орқали туманда туризмни янада ривожлантириш мумкин. Умуман олганда, ташкилотчиларга анжуман доирасида тайёрланган ҳар бир илмий ишни атрофлича ўрганиш ва улар жамланмасини алоҳида тўплам тариқасида чоп этиш вазифаси қўйилади.
Тадбирда, шунингдек, Бағдод тумани халқ таълими бўлими тизимидаги муассасаларда меҳнат қилиб, муносиб шон-шуҳрат қозонган фахрий педагоглар, айни пайтда соҳада самарали фаолият юритиб келаётган ўқитувчи-мураббийлар, иқтидорли ёшлар ҳамда таълим самарадорлигини оширишда яқиндан кўмак бериб келаётган фидойи инсонлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Бағдод зиёкорлари” номли энциклопедик тўпламнинг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтди.
Якунда анжуман ишида фаол қатнашган бир гуруҳ муаллифларга туман ҳокимлигининг Ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.