Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
УЧАСТКАЛАР САЙЛОВ КУНИГА ТАЙЁР
2019-12-20 15:34:27 1295
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловга 2 кун қолди. Хўш, жойларда ташкилланган сайлов участкалари мазкур сиёсий жараёнга қай даражада тайёр?
Ана шу саволга жавоб олиш мақсадида бугун Бағдод туманидаги айрим сайлов участкаларида бўлиб, масъуллар томонидан олиб борилган тайёргарлик ишлари билан танишдик.
Бағдод туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 1 та округ сайлов комиссияси томонидан 50 та сайлов участкаси тузилиб, участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланган. Сайлов участкаларининг самарали фаолият кўрсатиши, овоз беришни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Овоз бериш кабиналари, стационар ва кўчма сайлов қутилари, депутатликка номзодларнинг тарғибот плакатлари ва бошқа воситалар ҳар бир сайлов учаскасига етказиб берилган.
- Ушбу муҳим сиёсий жараёнга муносиб тайёргарлик кўрилмоқда, - дейди 308-сайлов участкаси раиси Саидакбар Юлчиев. – Сайлов ўтиши белгиланган бинода сайловчилар ва кузатувчилар учун, меъёрий ҳужжатларда белгиланганидек, барча имконият яратилди. Депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, сайловга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мавжуд ва аҳоли ўзи учун зарур маълумотларга эга бўлмоқда. Сайлов билан боғлиқ жараёнлар қонун талаблари асосида амалга оширилаётир. Айни кунларда сайлов участкалари жойлашган манзилларда, кўчаларда тозалов-ободонлаштириш ишлари қизғин бормоқда ва бунда тунги ёритиш масаласига ҳам алоҳида эътибор билан ёндошиляпти.
Сайлов куни ушбу сайлов участкасида “Бордон” маҳалла фуқаролар йиғинининг Бордон ҳамда “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинининг Пахта қишлоғи аҳоли пунктларида истиқомат қилувчи 2 минг 985 нафар сайловчи рўйхатга олинган.
314-сайлов участкаси тумандаги 2-умумий ўрта таълим мактабида жойлашган. Участка раиси Барчиной Муҳаммадалиеванинг айтишича, сайловни юқори савияда ўтказиш учун бунда барча зарурий чоралар кўрилган.
- Сайлов участкамизда “Шўроқер” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Шўроқер ҳамда “Юқори Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Наврўз, Юқори, Отмозор кўчаларида яшовчи 2 минг 847 нафар сайловчи рўйхатга олинган, - дейди Б. Муҳаммадалиева биз билан суҳбатда. – Сайловчиларнинг 7 нафари сайлов ўтказилиши белгиланган кунда ўз яшаш манзилида бўлолмаслигини айтиб, бизга ариза билан мурожаат қилдилар ва улар учун муддатдан олдин овоз бериш ташкилланди. Шунингдек, 45 нафар сайловчи беморлиги ва жисмоний имконияти чеклангани сабабли сайлов куни кўчма сайлов қутиси улар яшаётган хонадонларга олиб борилади. Шу тариқа, сайловда барча сайловчиларимизнинг иштирокини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Азиз юртдошлар! Сиз ҳам бўлажак сайловларда фаол қатнашиб, ўзингиз муносиб деб билган номзодларга овоз беринг. Унутманг, сизнинг овозингиз она Ватанимиз шони-шавкати, халқимизнинг фаровон турмуши, фарзандларимизнинг порлоқ келажаги учун муҳим.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.