Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

БАЙРАМ ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛЛАНДИ

×

 2019-12-27 16:49:23    1307

PDF yuklash
Chop etish


Янги йил байрамини муносиб кутиб олиш тараддудидаги халқимизга янада кенг қулайлик яратиш, аҳолини сифатли, айни чоғда арзон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида савдо-ярмаркалари ташкил этилди. Бу саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ҳамда фермерларнинг туманимиз аҳолиси учун ўзига хос байрам туҳфасидир.

Юртдошларимизнинг юз-кўзларида бугунги дориламон кундан мамнунлик, эртасига бўлган ишонч ҳисси зуҳр этган. Савдо-ярмаркаси Янги йилни зўр қувонч ва хаяжон ила кутаётган, байрам дастурхонини қай тариқа безатиш, меҳмонларни қандай таом ва пишириқлар билан сийлаш лозимлиги хусусида режалар тузиб юрган аёллар билан гавжум, айниқса.

- Савдо-ярмаркасини ташкиллашда, - дейди биз билан суҳбатда “Бағдод деҳқон бозори” МЧЖ раиси Музаффар Қўлдашев, - “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси сингари бир қатор ташкилотлар тизимидаги корхоналар, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари яқиндан ёрдам беришмоқда. Улар ўзларининг сара маҳсулотлари билан байрам ярмаркасида қатнашмоқдалар. Шунингдек, ярмаркада хусусий тадбиркорлар томонидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари, байрам совғалари, турли-туман пишириқлар ва ширинликлар савдоси ҳам йўлга қўйилган. Умуман олганда, байрам ярмаркасида 50 турдан зиёд қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар сотилмоқда. Эътиборлиси шундаки, бундаги барча маҳсулотларни банк пластик карталари орқали ҳам сотиб олиш мумкин.


Сотувчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Ҳали картошка, пиёз тортади, кимдир гуруч, яна биров гўшт сўрайди. Чиройли қилиб териб қўйилган мева-чева растаси олдидан ҳеч ким бефарқ ўта олмайди. Сут ва сут маҳсулотлари, колбаса ва гўшт маҳсулотлари юқори сифатли, арзонлиги билан кишини жалб қилади.

- Ҳар кунги ишимиз, мана шундай, ўта қизғин, - дейди сотувчи Алишер Ўринов. – Кўриб турганингиздек, мева ва полиз маҳсулотлари сотаман. Олма, анор, нок, беҳи, қовун ва тарвуз, булардан ташқари, цитрус мевалар ҳам бор. Уларнинг барчаси арзон нархларда тақдим этиляпти. Бундан, табиийки, харидорлар мамнун. Нарх-навонинг арзонлигига сабаб – жорий йилда юртимиз боғбон-у соҳибкорлари томонидан мўл ҳосил етиштирилганидир.

Расталар барча турдаги маҳсулотлар, ҳатто, писта, бодом, ёнғоқ, баргак каби қуруқ мевалар билан тўлдирилган. Уларнинг нархи бозордагига нисбатан 25-30 фоиз арзонлиги эътиборга молик.

- Байрам дастурхони учун керак бўладиган ҳамма нарса бор экан ярмаркада, - дейди харидорлардан бири Зуҳрахон Ортиқова. – Барака топишсин, бизга байрам арафасида мана шундай қулайлик яратиб беришибди. Нарх-навонинг арзонлигини айтмайсизми?! Келиним – ўқитувчи – ойлик маоши банк пластик картасида сақланади. Бугун шу келиним билан бирга келиб, пластикка у-бу сотиб олган бўлдик. Байрамга яқин яна келамиз, албатта.

- Ярмаркани айланиб, оддий харидор сифатида кўнглим тоғдай кўтарилди, - дейди яна бир харидор Бахтиёр Тожиев. – Энг аввало, расталарда ҳамма нарса бор – излаганингизни топасиз. Уларнинг арзонлигидан бир суюнсак, одамларнинг харид қобилияти ошиб бораётганига гувоҳ бўлиб, ўн чандон қувонамиз. Булар юртимизнинг ривожланаётгани, аҳолига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий тасдиғи, албатта.


Бугун байрамолди ярмаркасига ташриф буюрган ҳар қайси инсон бундаги файзу бараканинг гувоҳи бўлиши тайин. Бинобарин, мазкур ярмарканинг ташкил этилгани аҳолига янада қулайлик яратиб, савдо маданиятини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилаётир. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми, эътибор ва чексиз ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

 

Бағдод тумани ҳокимлиги

Ахборот хизмати.