Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
БАҒДОД ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ БАЁНОТИ
2020-02-04 18:17:33 1086
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Халқ дарди билан яшаш” ҳақидаги гаплар кўзбўямачилик учунми?” сарлавҳали хабар Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамда “Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖнинг тумандаги филиали мутахассислари томонидан ўрганилди.
Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, туманнинг “Қўшчинор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли истеъмолчиларини табиий газ тармоғига улаш юзасидан 2019 йилнинг декабрь ва 2020 йилнинг февраль ойи давомида 3-марта шу тариқа мурожаат йўлланмоқда. Уларнинг дастлабки 2 таси маҳалла фаоллари ва аҳоли иштирокида кенг муҳокама қилиниб, истеъмолчиларга батафсил тушунчалар берилган. Демакки, 3-марта йўлланаётган мурожаатдаги “масъулларнинг парвойи палак” деган иддао мутлақо асоссиз.
Шундай бўлса-да, навбатдаги мурожаат ҳам тегишли мутахассислар билан биргаликда, манзилли равишда ўрганилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи расмийлари ҳамда истеъмолчилар билан ўтказилган юзма-юз учрашувда:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 7 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 2-иловаси;
- Ушбу қарор асосида, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари томонидан тасдиқланган “Вилоят шаҳар ва туманлари бўйича табиий газ таъминоти танқислиги кузатилиши эҳтимоли бўлган ҳудудлардаги аҳоли хонадонларини суюлтирилган газга мослаштириш режаси”;
- Юқоридагиларга асосан, Бағдод тумани ҳокими томонидан тасдиқланган режа;
- 2016 йилнинг 30 май куни туман газлаштириш идораси мутахассислари ҳамда “Қўшчинор” МФЙ аҳолиси иштирокида ўтказилган йиғилиш баённомаси такроран муҳокама қилинди ва айни шу асосларга кўра ҳудуд табиий газ тармоғидан узилгани таъкидланди.
“Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖнинг тумандаги филиали раҳбари А. Турдиевнинг қайд этишича, ресурс чеклангани сабабли, биринчи навбатда ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга корхона-ташкилотлар ҳамда кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонлари табиий газ билан таъминланмоқда. Тармоқдан узилган ҳудудлар аҳолисига эса мунтазам равишда суюлтирилган газ имтиёзли нархда етказиб берилмоқда ва бу туман ҳокимининг доимий назоратига олинган. Бинобарин, 20-23 январь кунлари “Қўшчинор” МФЙдаги истеъмолчиларнинг маиший газ баллонлари тўлдирилган.
Бағдод тумани ҳокимлиги
Ахборот хизмати.