Шу муносабат билан, жорий йилда пахта ҳосилини етиштиришда барчага ўрнак бўлган фидойи ва заҳматкаш фермерларга ўзимнинг, шунингдек, сектор раҳбарларининг, туман ҳокимлиги ва туманимиз фаолларининг чуқур миннатдорчилигини билдираман.
Ғалаба муборак!
2025 йил ҳосилида тумандаги фермер хўжаликлари ҳар гектардан ўртача 43,1 центнер ҳосил етиштириб, кластерлар ва кооперация қабул пунктларига шу вақтга қадар 18 минг 100 тонна пахта топширдилар.
Жорий йили тумандаги 168 та фермер хўжалиги томонидан жами 4 минг 200 гектар майдонга серҳосил маҳаллий ва хорижий ғўза навлари экилиб, агротехник талаблар асосида парвариш қилинди.
Айниқса, 76-схема бўйича экилган 3 минг 200 гектар майдонда 11 та пахта терим машинасининг самарали фаолияти таъминланди. Етиштирилган ҳосилнинг 25 фоизи механик усулда териб олинди.
Аввало, мўл ҳосил етиштириб, ҳар гектардан 50 центнердан ортиқ ҳосил олган ва режани бажаришда энг юқори натижаларга эришган қуйидаги фермер хўжаликларига алоҳида миннатдорчилик билдираман:
“Боғи эрам Бағдод”, “Хилола”, “Умрзоқ”, “Онажон”, “Ширинжон Бағдод”, “Ғайрат Шерали боғи”, “Яшил водий пахтазори”, “Мирзакарим ота боғи”, “Исломбек Муҳаммадалиев”, “А. Мадаминов”, “Самандарак заршуноси”, “Ҳайрун самарун”, “Бағдод зиёси”, “Муҳаммаддиёр ғалласи”, “Икромжон Назаров”, “Буойшахон Қундузова”, “Моҳинабону ери”, “Матқулобод деҳқони”, “Пойқадам Бағдод”, “Нурулло файзли боғи”, “Қўшчинор ширинбулоқ булоғи”, "Асл диёр чамани", "Бағдод Шермат ота", “Ёқубжон ота ҳирмони” каби қатор фермер хўжаликлари.
Сизлар бизнинг фахримиз!
Туманимизда сиз каби фидойи фермер хўжаликлари фаолият юритаётганидан доимо мамнунмиз.
Шунингдек, туманда пахта топшириш бўйича шартномавий режани бажарган барча фермер хўжаликлари раҳбарлари ва меҳнаткаш ходимларига ҳам чуқур миннатдорчилик билдираман.
Жорий мавсумда пахтачиликда шартнома режаси бажарилган бўлса-да, далаларда ҳали терим ишлари давом этмоқда. Терим бошлангандан буён ёмғир ёқмагани сабабли, етиштирилган ҳосилнинг сифати юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Хирмоннинг юксалишида муносиб ҳисса қўшган туман сектор раҳбарларига, вилоят ИИБ раҳбариятига ҳамда "FERGHANA-SPINNING" МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери жамоасига алоҳида миннатдорчилик билдираман.
Шунингдек, теримчилар, сувчилар, механизаторлар ва бошқа барча фидойи меҳнаткашларга ҳам катта раҳмат айтаман.
Ғанижон СОЛИЕВ,
Бағдод туман ҳокими (https://t.me/bagdodim_news)