28/12/2025 #Тафсилот: Янги йил байрамига бағишланган тантанали тадбир юқори кайфиятда ўтди
Аввал хабар берганимиздек, туман марказида минглаб бағдодликлар ташрифи ҳамда таниқли хонандаларнинг чиқишлари учун махсус саҳна безатилди. Ёрқин рангли чироқлар ва катта LED экран Янги йилга хос жўшқин кайфият бағишлади.
Концерт дастурининг аввалида туман ҳокими Ғанижон Солиев сўзга чиқиб, барчани яқинлашиб келаётган Янги йил билан муборакбод этди.
— Амалга оширилган ишлар замирида ягона мақсад — халқимизни бугунги кундан рози бўлиб, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ётибди. Олдимизда турган улкан мақсадларни амалга оширишда эса ўз касбига фидойилик билан ёндашадиган, ватанпарвар тумандошларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларига, албатта, ишонаман, — деди туман ҳокими.
Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз, Яҳёбек Мўминов, Тўлқинжон Ҳайдаров, шунингдек, истеъдодли хонандалар Муқаддас Жўраева, Жўрабек Қодиров, Соҳибжон ва Саиджон Йўлдошевлар ижро этган қўшиқлар томошабинларни рақсга чорлади.
Йиллар давомида хит даражасида куйланиб келинаётган шлягер тароналарни иштирокчилар муаллифларнинг ўз ижросида тинглаб, дилдан хурсанд бўлишди, рақсга тушиб, эсдалик учун суратларга ҳам тушишди.
Санъаткорлар ҳам ўз тилакларини билдириб, барчага кириб келаётган 2026 йил қутлуғ ва баракали бўлиб, янги қувончлар ва ғалабаларга бой, барча орзу-умидлар ушаладиган, эзгу ниятлар амалга ошадиган йил бўлишини тилашди.
Байрам тантаналари сўнгида туман ҳокими ўринбосарлари Янги йил шодиёналаридан завқ олаётган, бахтли болалик қувончига тўлган болажонларга Қорбобо совғаларини улашишди.