Бағдод туманида “Асаларичилик маркази” ўз фаолиятини бошлади.
Абдувоҳид Убайдуллаев “Олчин” маҳалласидан. Тадбиркор ўз маблағлари ҳисобидан 1 ой муддатда 250 млн. сўм сарф этиб Бағдод-Бувайда йўл ёқасида “Асаларичилик маркази”ни қуриб битказди. “Бағдод замин асали” МЧЖ раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби бўлган Абдувоҳид “Асалари маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган асаларичи” – дея эътироф этилади.
Ушбу замонавий типда бунёд этилган бинонинг очилиш тадбирида Бағдод тумани ҳокими Ғанижон Солиев билан Андижон, Наманган вилоятларидан “Асаларичилар уюшмаси” аъзолари, ушбу соҳанинг Қозоғистондан келган вакиллари, ҳоким ўринбосарлари, қўшни туманлардан келган “ҳоким ёрдамчилари”, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тўкин дастурхон тузалиб меҳмонларга ош тарқатилди. Қўллар дуога очилиб Юртга тинчлик сўралди.
“Асаларичилик маркази”да 30 хилдан ошиқ табиий соф асал маҳсулотлари, ари боқиш учун керакли барча ускуна ва қўлланмалар мавжуд бўлиб мутахассислар доимий равишда мижозларга ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан беъминнат ёрдам кўрсатишади.
- “Олчин”, “Чекхитой” маҳалла фуқаролар йиғинларида асаларчилик билан шуғулланиб, яхшигина даромад олаётганлар бор. Тажрибали асаларичи йилига икки маротаба асал олиш билан бирга асалари оиласини сотиш эвазига ҳам қўшимча даромад қилишни йўлга қўйган. Ўтган йили асаларичилик кооперацияси “Чекхитой”да ташкил этилди ва ижобий натижа берди. Қишлоқда кооперация орқали 20 та оила вакиллари бандлиги таъминланди. Бунинг учун “Бағдод замин асали” томонида уларга 60 та қутида, жами 180 та асалари оиласи тарқатилган. Бошланишига озуқаларигача етказиб берилиб асалари парвариши ўргатилди. Албатта, касаначилик асосида етиштирилган асал маҳсулотини ҳам ўзлари сотиб олишди. Аҳоли битта асалари оиласидан 700-800 минг сўмдан фойда кўришган. “Олчин”даги айрим оилалар асалнинг ўзидан 100 млн. сўм, асалари оиласини сотишдан эса 25 млн. сўмдан даромад топди. Энди бу тажриба туман миқёсида тадбиқ этилади – деди туман ҳокими Ғ.Солиев.
Семинар шаклини олган тадбир иштирокчилари ҳам ўз маҳаллаларида бу усулни қўллаш истакларини билдиришди.
Абдувоҳид асаларичиликда нафақат Фарғона вилояти, балки Ўзбекистон бўйлаб, ҳатто қўшни Республикаларда ҳам таниқли бўлишга улгурди. Бу соҳа вакиллари билан экспорт – импорт салоҳиятларини кенгайтириб келмоқда.
- Асаларичилик камбағал оилаларни даромадли оилага айлантиришига ҳеч шубҳам йўқ. Мен юртимизни, Бағдод туманимизни асаларичиликда дунёда ном қозонишига бор билим ва тажрибамни сарф этишга тайёрман! Тадбиркорларга кенг шароит ва имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга, ислоҳотлар ижросини таъминлаётган вилоят, туман ҳокимларимизга миннатдорчилигимни билдираман! – дейди А.Убайдуллаев.
p/s: Йўлингиз тушса келинг! Бағдод-Бувайда йўл ёқасида, “Олчин” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Асаларичилик маркази”да “биринчи қўл”дан асал харид қилиш билан бирга асални етиштириш, асаларини парваришлаш ҳамда шу соҳада фаолият бошлашларингиз учун маслаҳатлар оласиз.
Бағдод тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати (https://t.me/bagdodim_news)