Бағдод тумани ҳокими Ғанижон Солиев Янги йил байрами арафасида туман деҳқон бозорида савдо-сотиқ ишлари қай даражада ташкил этилгани билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни меъёрий ва барқарор нархларда таклиф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, байрам кунлари учун ташкил этилган махсус расталар, савдо нуқталарининг санитария ҳолати, маҳсулотлар сифати ҳамда тартиб-интизомга риоя этилиши кўздан кечирилди.
Туман ҳокими томонидан бозор маъмуриятига байрам кунлари савдоларни юқори савияда ташкил этиш, истеъмолчилар манфаатини устувор қўйиш ҳамда назоратни кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Янги йил байрами арафасида аҳолининг харид қилиш имкониятларини янада яхшилаш, бозорларда осойишталик ва тартибни таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.